МХДҚ: Колбаев ҳамда Матраимовга алоқаси бор 180дан ортиқ давлат ходими ишдан олинди

360

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 11 декабрда марҳум «криминал авторитет» Қамчи Колбаев ва божхона бошлиғининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов «мафияси» билан «яширин алоқада бўлган» турли даражадаги 180 нафар давлат хизматчисини ишдан бўшатгани ёки лавозимидан четлатилганини билдирди.

Божхона тармоғида 85 ходим аниқланиб, 76 нафари ишдан кетган бўлса, ИИВда 26 ходим аниқланиб, 14 нафари ишдан олинди. Маҳаллий кенгашнинг олти депутати мандатини топшириб, бошқа бир неча ходим ишдан четлатилди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг қўшимча қилишича, «давлат органларини ғаразли мақсадларни кўзлаган виждонсиз ходимлардан тозалаш бўйича бундай ишлар давлат ҳаётининг барча жабҳаларида бундан кейин ҳам давом эттирилади».

Аввалроқ ушбу бошқарма бошлиғи Самат Исабеков божхона хизматининг 58 нафар ходими ишдан бўшатилганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, ушбу иш бўйича тергов 2022 йилдан бери давом этмоқда. Унинг таъкидлашича, Матраимовнинг божхонадаги коррупцион схемаси«тугатилган», аммо бу «схема»ларнинг айрим элементлари сақланиб қолган.

Ноябрь ойи бошида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ҳозирда «давлат идораларида тозалаш» кетаётганини эълон қилиб, «бундан буён Қирғизистонда Колбоев ва Матраимов мафияси бўлмаслигини» айтган эди.

Райимбек Матраимов 2015-2017 йилларда божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган. У божхона тизимида 10 йилдан ортиқ ишлаган. Бу вақт ичида у хитойлик тадбиркор Хабибула Абдуқодирнинг яширин клани билан биргаликда коррупция схемасини тузган. Бу ҳақда Kloop, Azattyk ва OCCRP журналистлари 2020 йилда божхонада давом этаётган коррупция схемалари бўйича бир қатор қўшма суриштирувларда гапирган.

2021 йил бошида Бишкекнинг Биринчи май туман суди Матраимовни коррупцияда айбдор деб топиб, атиги 260 минг сом жарима тўлашга ҳукм қилган. Шунингдек, божхона бошлиғининг собиқ ўринбосарининг ўзи ҳам коррупцияга иқрор бўлиб, бюджетга етказилган зарар учун товон сифатида 2 миллиард сом тўлашга рози бўлган.

Жиноят оламининг вакили бўлган Қамчи Колбаев 4 октябрда Бишкекда ўтказилган махсус операция чоғида ўлдирилган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг хабар беришича, қонундаги ўғри қўлга олиш чоғида «қуролли қаршилик кўрсатган ва жавоб ўқлари билан «тугатилган».

Шундан сўнг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Колбаевнинг уюшган жиноий гуруҳи аъзоларини фаол равишда ҳибсга олишни бошлаган. Октябрь ойи бошида махсус хизматлар жиноий гуруҳнинг 40 дан ортиқ фаол аъзолари ва етакчилари қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Ҳибсга олинганлар орасида айрим тадбиркорлар ҳам бор.