Бишкекда қурилиш молларини сотувчи «Баткен-Комфорт» бозорида ижра ҳақини асоссиз кўтариш, сотувчилардан ноқонуний пул тўплаш ҳамда ўта йирик миқдорда солиқ тўлашдан қочиш фактлари аниқланди.
Бу бўйича Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бозорга эгалик қилган «Реконс» масъулияти чекланган жамиятининг бош директорини, унинг ўринбосарини ҳамда ҳисобчи-бухгалтерини қўлга олди.
Махсус хизматдан гумонланувчилар «қўриқлаш хизматига берамиз» деб ижарачиларни алдаб, ойига 500дан 2000 сомгача пул тўплаб келганини айтишди. Мазкур маблағ йилига 3 миллиондан ортиқ сомни ташкил қилиб турган.
«Ижара шартномасига кўра, қўриқлаш хизматлари ижара тўлови қийматига киритилган. Бундай жиноий хатти-ҳаракатлари билан бозор раҳбарияти солиқ тўлашдан қочиб, ижарачилардан ундирилган маблағлардан ноқонуний фойдаланиб, бозор савдогарлари ва ходимларига қулай шарт-шароит яратиб бермаган”, — дейилади МХДҚ хабарида.
Бундан ташқари, жорий йилнинг август ойида бозор раҳбарияти ижара ҳақини 33 фоизга оширгани маълум бўлди. Шунингдек, қурилиш талабларини бузиш, тижорат биноларини ноқонуний жойлаштириш ҳолатлари аниқланди.
Гумонланувчилар Бишкек шаҳар милициясининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига олиб кетилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
МХДҚдан «Баткен-Комфорт» бозорига амалда Жогорку Кенешнинг 4-чақириқ депутати, собиқ бош вазирнинг биринчи ўринбосари Асқарбек Шадиев эгалик қилишини қўшимча қилишди.
Шадиев 2018 йилдан бери қочиб юрибди. У ўша йилнинг апрель ойида жиноий иш қўзғатилишидан бир кун аввал Қирғизистондан АҚШга чиқиб кетган.
Собиқ депутат 2018 йил декабрида «мансаб ваколатини суиистеъмол қилганлик» ва «Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда» айбланиб мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 10 йилга судланган.