Али Тоқтакунов АҚШда «Коррупцияга қарши кураш чемпиони» мукофоти билан тақдирланди

407

«МедиаХаб» журналистик суриштирув жамоасининг етакчиси, журналист-суриштирувчи Али Тўқтақунов АҚШ Давлат департаментининг «Коррупцияга қарши кураш чемпиони» унвони билан тақдирланди. Мукофотни 7 декабрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен топширди.

АҚШ Давлат департаменти мукофот билан бутун дунё бўйлаб ўз мамлакатларида коррупциянинг олдини олиш, фош этиш ва унга қарши курашда етакчилик, жасорат ҳамда натижаларни кўрсатган шахсларни тақдирлайди. Бу йил мукофот 11 кишига топширилди, улардан бири Али Тўқтақунов бўлди.

Давлат департаменти мукофоти 2021 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозиргача 32 киши унвонга сазовор бўлган.

Али Тўқтақунов Қирғизистондан 700 миллион доллар олиб чиқиб кетилишига сабаб бўлган божхона коррупцияси ва контрабанда бўйича суриштирув муаллифларидан бири. Суриштирувчилар 2021 йилнинг 11 февралида айбига иқрор бўлган Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг божхонадаги коррупция ва контрабандага алоқадорлигини исботлашган.