ЮНИСЕФ: ҚР ногирон болаларнинг 80%дан ортиғи тарбиячиларнинг руҳий тажовузига дучор бўлади

374

ЮНИСЕФ халқаро болалар ташкилоти Европа ва Марказий Осиёдаги ногирон болалар ҳаётига бағишланган ҳисоботини эълон қилди. Унда Қирғизистонда 2 ёшдан 14 ёшгача бўлган ногирон болаларнинг 82 фоизи тарбиячилар томонидан психологик тажовузга учраши айтилади.

«Ногирон болалар кўпинча изоляция қилинади: улар мактабда тўлиқ қўллаб-қувватланмайди, уларга ҳеч ким китоб ўқиб бермайди, улар билан уйда ҳеч ким ўйнамайди, бундан ташқари, бу болаларга зўравонлик билан интизомий чоралар кўрилади», — дейди ЮНИCЕФнинг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича ҳудудий директори Де Доминиcис.

Ҳисоботга кўра, имконияти чекланган болалар тез-тез «калтак ейди».

Бундан ташқари, бундай болаларнинг саводхонлик ва ҳисоблаш кўникмаларини оширишнинг оддий турларини ўрганишга имконияти камроқ бўлади, уларнинг болалар ўйинчоқлари ҳамда китоблари ҳам оз.

Шу билан бирга, ЮНИСЕФ ташкилот Қирғизистон ҳукумати билан стигматизатсия, камситиш ва зўравонликдан холи инклюзив таълим муҳитини яратиш устида иш олиб бораётганини таъкидлади.

Ҳисоботда, шунингдек, мамлакатларга оилаларни қўллаб-қувватлашни яхшилаш ва ногирон болалар учун инклюзив хизматлар кўрсатиш бўйича тавсиялар берилган:

  • оилалар ажралишининг олдини олиш ва барча болалар учун маҳаллий ҳамжамият даражасида ғамхўрлик кўрсатиш, қўллаб-қувватлаш, шунингдек, таълим, ўйин ҳамда маълумот олиш имкониятларини олишлари учун ижтимоий хизматлар, таълим тизимлари ва инклюзив муҳитларни яратиш;
  • ногирон болаларни зўравонликдан, шавқатсиз муносабатдан, қаровсиз қолдиришдан ва эксплуатациядан ҳимоя қилишни таъминлаш;
  • психологик саломатликни муҳофаза қилиш ва психологик ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш;
  • Ногирон болаларга нисбатан стигма ва дискриминацияни бартараф этиш ҳамда бундай болаларнинг овозларини етказиш ва тегишли сиёсатни ишлаб чиқишга таъсир қилиш имкониятини таъминлаш учун ҳаракат қилиш;
  • болаларга ва уларнинг оилаларига муҳим хизматлардан фойдаланишга, қашшоқликни, маҳрумликни ҳамда уларнинг изоляцияда қолиш хавфини камайтириш имконини берувчи ижтимоий ҳимояга сармоя киритиш;
  • ногирон болаларнинг аҳволини тушунишга ёрдам берадиган ишончли ва инклюзив маълумотлар тўпланишини таъминлаш.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, 2022 йилда Қирғизистонда болаларга нисбатан зўравонлик факти бўйича 438 та жиноят иши қўзғатилган. Шу билан бирга, ИИВ раҳбари Улан Ниязбековнинг айтишича, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Кўпинча зўравонлик ҳолатлари судгача етиб бормайди, чунки аксарият ҳолларда болалар ўз қариндошлари томонидан зўравонлик кўришади. Жабрланганларнинг оиласи шикоят қилишга қарор қилган бўлса-да, қариндошлари билан келишиб, ариза беришдан бош тортади.

Болаларга нисбатан зўравонлик кўпайгани сабабли 2022 йил август ойида президент Садир Жапаров болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтирувчи қонунни имзолаган.