Ташиев: Уч-тўрт ойда Жалолободдаги йирик халқаро аэропортнинг қурилишини бошлаймиз

213

МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев Жалолобод вилоятининг Кўкарт водийсига халқаро йирик аэропорт қурилиши ҳақида билдирди. Бу ҳақда у 2 декабрда Кўкёнғоқ шаҳридаги маданият уйининг очилишида айтди.

«Шу ердан дунёнинг тўрт тарафига парвоз қила оласизлар. Москванинг Проект институтидан келган мутахассислар ерни танлаб кетишди, ҳозир лойиҳани тайёрлашмоқда. Шу ерга аэропорт қуриш мумкин деган хулоса чиқибди, 3-4 ойда қурилиш ишини бошлаймиз», — деди у.

Шунингдек, Ташиев ҳудудга ёшлар учун олимпиада резервидаги мактаб қурилишини таъкидлади. Унинг айтишича, мактабда спортчилар учун пойтахтдагидек шароит яратилади.

Махсус хизматнинг етакчиси йиғинга келган турғунларни «Жалолобод шаҳримиз ўлкадаги энг намунали шаҳарлардан бўлади» деб ишонтирди. Аммо Ташиев бу ишлар учун маблағ қаердан олинишини ва қанча сарфланиши ҳақида маълумот бергани йўқ.

«Жалолобод шаҳридаги қамоқхона 1 январдан бошлаб тўлиқ бузилиб, ўрнида маъмурий бинолар ва тадбирлар ўтказиладиган ҳудуд барпо этилади. Вилоятдаги қурилиши тугалланмаган йўллар ва кўчалар 2024 йилда қуриб битказилади, қўшимча кўчалар қурилади», — деди Ташиев.

Ўтган йили Темиров Live канали президент Садир Жапаров билан МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев ҳукуматга келгандан бошлаб, ўзи туғилган жойни* ривожлантира бошлагани ҳақида видео эълон қилган.

*Садир Жапаров Иссиқкўл вилоятининг Туп туманига қарашли Кенгсой қишлоғида, Қамчибек Ташиев Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманига қарашли Барпи қишлоғида туғилиб, катта бўлган.

Президентнинг ўша вақтдаги матбуот котиби Эрбол Султанбаев «Жапаров билан Ташиевнинг туғилиб ўсган қишлоқларигина ривожланмоқда» деган танқидга жавоб бериб, бошқа жойлар ҳам ривожланаётганини айтган. У мамлакат бўйича қурилаётган биноларнинг рўйхатини эълон қилган.

Ҳозирги вақтда эса Боткен, Ақси, Норин, Талас туманларида, Қоракўл шаҳри ҳамда Томчи қишлоғида янги аэропорт қурилиб, эскилари таъмирланмоқда. Уларнинг айримлари кейинги йили фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.