Қирғизистон ЕОИИда меҳнат ҳақи энг кам давлат қаторида қолмоқда

274

Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига (EОИИ) кирган давлатларнинг орасида меҳнат маоши энг паст республика бўйича қолмоқда. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссиясининг 2023 йил январь-сентябрь ойлари учун чиқарилган ҳисоботида айтилади.   

ЕЭК ҳисоботига кўра, қирғизистонликларнинг ўртача ойлик реал иш ҳақи 367 долларни (тахминан 32 минг сом) ташкил қилган. ЕОИИ аъзолари орасида энг юқори маош Россия (857 доллар) ва Қозоғистонга (774 доллар) тўғри келади. Арманистонда ўртача ойлик иш ҳақи 676 долларни, Беларусда эса 628 долларни ташкил қилган.

Шу билан бирга, ЕИҲ маълумотларига кўра, Қирғизистонда ўртача ойлик реал иш ҳақининг ўсиш суръати энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлиб, 2023 йилнинг январь-сентябрь ойларида у 10,7 фоизни ташкил этган. Қирғизистондан ташқари, Арманистонда - 13,4 фоизга ва Беларусияда - 10,1 фоизга ўртача ойлик реал иш ҳақининг юқори ўсиш суръатлари қайд этилди.

Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдил Байсалов Х (аввалгиTwitter) ижтимоий тармоғида 3 йил давомида ойликлар ўртача деярли икки баравар кўпайганини – 2020 йили (9 ой якунлари бўйича) 17909 сомдан 2023 йили 32 473 сомгача етганини билдирди.

«Стратосфера дея олмаймиз, аммо яхши кетаяпмиз!» — деб ёзди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси Қирғизистон ялпи ички маҳсулоти 1 триллион сомдан ошганини маълум қилганди. Мутахассисларнинг фикрича, қоғоздаги рақамлар ортиб бораётган бўлса-да, аҳоли ҳаётидаги ўзгаришлар сезилмаяпти.

Уларнинг қайд этишича, Қирғизистонда иқтисодиётда маълум даражада тикланиш кузатилаётганига шубҳа йўқ. Бироқ ялпи ички маҳсулот ўсиб бораётганини кўрсак-да, нарх-наво ошиб бораётгани туфайли аҳолининг турмуш шароити оғирлашиб бораётгани сезилади.

Маалан, иқтисодчи Искендер Шаршеевга кўра, Қирғизистонда инфляция даражаси юқори, инфляция ортиши билан миллий валютадаги ялпи ички маҳсулот ҳажми ҳам ошиб бормоқда.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилда Қирғизистонда қашшоқлик даражаси 33 фоизни ташкил қилган.