ККМга қарши митингга Қирғизистоннинг бир қатор ҳудудларидаги савдогарлар ҳам қўшилди

332

Қирғизистонда икки кундан бери назорат-касса машиналарининг мажбурий ишлатилишига қарши намойишлар давом этмоқда. 1 декабрь куни Бишкек шаҳар бозорлари савдогарлари, шунингдек, Ўш, Талас, Иссиқкўл вилоятлари тадбиркорлари норозилик намойишига чиқди.

Бишкекда эрталаб «Аламудун», «Таатан», «Азиз» ва «Чинар»  бозорларининг савдогарлари норозилик намойишига чиқди.

«Озодлик»нинг қирғиз хизмати хабар беришича, митингга Ўшдаги «Бостон», «Бексултан» ва «Тешик тош» бозорларида ишлаётган 100 га яқин савдогар ҳам қўшилган.

Бундан ташқари, Талас ва Иссиқкўл вилоятларида норозилик намойишлари ўтказилди. Шунингдек, улар мавжуд патент тизимини қолдиришни талаб қилмоқдалар.

Сурат: “Азаттиқ”

29 ноябрдан буён мамлакатдаги йирик бозорларнинг тадбиркорлари назорат-касса машиналарининг (ККМ) мажбурий ўрнатилишига қарши чиқишмоқда. Митингга биринчи навбатда «Қорасув» бозори савдогарлари чиққан, шу куннинг ўзида Солиқ хизмати мазкур бозор тадбиркорлари ККМдан озод этилишини билдирган.

30 ноябрда «Дордой», «Мадина», «Орто-Сай» бозорлари тадбиркорлари ҳам чиққани маълум бўлган. Савдогарлар солиқ сиёсатидан норози бўлиб, патент тизимини қолдиришни талаб қилишди.

Сўнгги икки йил ичида Қирғизистон ҳукумати товар ёки хизматлар кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун бир қатор янгиликларни жорий қилди. Расмийлар тадбиркорлардан назорат-касса машиналаридан (ККМ) фойдаланишни, шунингдек, товар-транспорт илова қоғозларининг электрон шаклларидан (ЭТТН) ҳамда электрон ҳисобварақ-фактуралардан (ЭИФ) фойдаланишни талаб қилиб келади. Шу муносабат билан Бишкек ва қатор вилоятларда норозилик намойишлари ўтган.