Интим хизмат кўрсатувчи жойларга рейд. Собиқ ҳоким қўлга олиниб, ишонч телефонлари уюштирилди

288

Қирғизистонда «интим хизмат» кўрсатувчи жойларга рейдлар ўтказилмоқда. 

1-декабрда МХДҚ собиқ ҳоким ва  «Ак Суу» бозорининг эгаси Б.К.А қўлга олинганини билдирди. 

Махсус хизматнинг маълумотларига кўра, тадбиркор уюшган гуруҳ таркибида жиноий фаолият билан шуғулланган, «аниқроқ айтганда, фоҳишахона ташкил этиш ва жойлаштириш учун бино бериб, шунингдек, мазкур маскан томонидан кўрсатилган интим хизматлардан бир неча бор [ўзи ҳам] фойдаланган».

Қўлга олинган собиқ ҳоким. Сурат: МХДҚнинг матбуот хизмати

Мазкур ҳолат юзасидан «Фоҳишаликка жалб этиш» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. «Ак сув» бозорининг эгаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторига киритилди.

Бундан ташқари, Чуй вилоят ИИБи ҳам «интим хизматлар» кўрсатувчи жой аниқлангани ҳақида хабар берди. Сўқулук қишлоғида «Қонун ва тартиб» деб номланган рейд давомида қизлар пул эвазига жинсий алоқа хизмати кўрсатаётган «Ордо» меҳмонхонаси аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан «Фоҳишалик ва ифлосликка кўмаклашиш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, 1961 йилда туғилган жой маъмури қўлга олинган. У ҳам ҳибсга олинган.

Бундай рейдни Бишкек милиция бошқармаси ҳам ўтказмоқда. Шаҳар милициясидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари «интим хизмат» кўрсатувчи қизлар ишлаши мумкин бўлган жойлар – сауна, меҳмонхона ва ижарага олинган квартираларни текширганини маълум қилди.

Натижада 60 дан ортиқ қизнинг шахси аниқланиб, улар орасида тўрт нафар вояга етмаган қиз ҳам борлиги маълум бўлди. Ушбу фактларнинг барчаси юзасидан терговга қадар текширувлар бошланди.

Сурат: Бишкекнинг Свердлов туман ҳокимиятининг матбуот хизмати


Шу билан бирга Бишкекнинг Свердлов ҳамда Биринчи май туман ҳокимиятларида ишонч телефонлари ишлай бошлади, бу рақамлар орқали «интим хизмат» кўрсатувчи жойлар ҳақида маълумот бериш мумкин. Бу борадаги тадбирлар вазирлар маҳкамаси етакчисининг ўринбосари ҳамда МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиевнинг топшириғини амалга ошириш учун олиб борилаётгани таъкидланди. 

Ҳокимиятлардан келиб тушган тезкор мурожаатлар бўйича барча сауна ва бошқа жойлар текширилишини ваъда беришди.

«Рейд текширувлари бундай хизматлар кўрсатувчи жойлар тўлиқ тугатилгунга қадар  кучайтирилган режимда ўтказилади. Ўтказилган рейдлар натижасида интим хизмат кўрсатишни ташкил этган шахслар ва жой эгаларининг жавобгарлиги кўриб чиқилади», — деди шаҳарнинг Свердлов туман маъмурияти.

30 ноябрда МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев давлат ва муниципал идоралар, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарларига 1 декабрга қадар  «интим хизмат» кўрсатиладиган барча жойларни ёпишни буюрди. У қайси ҳудудда бундай жойлар топилса, ўша ернинг маҳаллий ҳокимият раҳбарлари ва куч тузилмаларининг раҳбарлари зудлик билан эгаллаб турган лавозимларидан четлатилишидан огоҳлантирган.