Жогорку Кенеш байроқни ўзгартириш бўйича қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади

278

29 ноябрда Жогорку Кенгашнинг кенгайтирилган йиғинида давлат байроғини ўзгартириш бўйича қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Байроқни ўзгартиришга 66 халқ вакили розилик берди, 8 депутат қарши овоз берди.

Айрим халқ вакиллари «бу қарорни қабул қилмай, масала референдумга қўйилиши кераклигини» айтишди.

Қонун лойиҳасининг ташаббусчилари — парламент раиси Нурланбек Шакиев ва депутат Улан Примов байроқдаги қуёш нурларининг шаклини, туйнукдаги чизиқларни тўрттагача кўпайтиришни таклиф қилишмоқда.

Қонун лойиҳасининг ташаббусчиларидан бири Шакиев ўз навбатида байроқни алмаштиришга давлат бюджетидан ҳеч қандай маблағ кетмаслигини айтиб, «барча харажатларни тўлаб берадиган ҳомийлар борлигини» таъкидлади. Аммо улар кимлар эканини аниқламаган.

Шакиев босқич билан алмаштирилишини таъкидлаб, бу масалани «фожиа қилмасликка» чақирди.

Ташаббусчилар халқ вакиллари томонидан таклиф қилинаётган байроқнинг варианти асл нусхаси эканини, ҳозирги байроқ аввалги парламент томонидан ўзгартирилиб, «кунгабоқарга ўхшаб қолганини» айтишмоқда. Шакиевнинг айтишича, ҳозирги байроқ қабул қилинаётганда тортишув бўлиб, айримлар давлат рамзини «кунгабоқар» деб атаб олишган.

Депутат Дастан Бекешев давлат байроғини ўзгартириш бўйича қонун лойиҳасига қарши овоз берди. У буни қуйидагича тушунтирди.

«Мен давлатимиз байроғини кўрмаганман, шу сабаб унинг эстетик кўринишига тўхталмайин. Бироқ ақлим билан қандай байроқ бўлмасин, у давлатнинг ривожланишига тўсқинлик қилмаган ва қилолмаслигини тушуниб турибман. Давлат байроғини ўзгартириш — бу тарихимизни қайта ёзиш учун туртки бўлмоқда», — деди халқ вакили.

Бундан ташқари, депутат Бекешев ўзининг Телеграм каналида давлат байроғини ўзгартиришга овоз берганларнинг рўйхатини эълон қилди.