Ўшда йирик қуролли талончилик ва экстремизм-терроризмда гумонланиб, икки ойга қамоққа олинган 9 кишининг бири ва яна бир гумондор ўтган йили одам ўлдиргани аниқланди. Бу ҳақда 20 ноябрда Ўш шаҳар ИИБ билдирди.
Маълумотга кўра, ўтган йилнинг август ойида 33 ва 43 ёшли гумондорлар Ўш шаҳрининг 36 ёшли турғуни билан шаҳардаги кўп қаватли уйларнинг олдига йиғилиб, сўзлашиб келиш учун машинасига солишган.
Уни Новқат туманининг Орол қишлоғидаги далага олиб бориб, бўғиб ўлдириб, электр симёғочининг ёнига кўмиб қўйишган.
43 ёшли гумондорнинг кўрсатмаси асосида 18 ноябрда текширув иши олиб борилиб, марҳумнинг жасади топилиб, қазиб олинган.
«Гумондорнинг кўрсатмасига кўра, марҳум билан гумондор бир жиноий гуруҳда бўлган. Кейин у жиноий гуруҳдан чиқиб кетгани ва жиноий гуруҳ ҳақидаги муҳим маълумотларни билгани учун уни жазолашган», — деб билдирди милиция.
Бу факт бўйича тегишли материаллар алоҳида ўрганишга олиниб, 18 ноябрда «Қотиллик» моддаси асосида жиноят иши қўзғалди.
43 ёшли гумондор бунгача «Террор акт» моддаси асосида қамоққа олинган. Унинг 33 ёшли шериги 17 майда Чуй вилоятининг Иссиқота тумани Дмитриевка қишлоғида ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига қуролли қаршилик кўрсатиб, махсус операция давомида ИИВ ва МХДҚнинг махсус йўналишдаги ходимлари томонидан йўқ қилинган.
Ҳозирда тегишли экспертизалар тайинланиб, воқеанинг сабаблари ва иштирокчиларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.