У 17 ноябрда МХДҚнинг навбатдаги янги биносининг очилишида сўзлаб, Колбаевнинг бойлиги, оиласига қайтарилган мулклари ҳақида маълумот берди.
«Биз Колбаевнинг аёлига, болаларига, қариндошларига қонунни бузмаса тегмаймиз. Мана аёли бир ресторанини, машинасини сўради, “тирикчилик қилинглар” деб бердик. Уч қизига учта уй бердик. Икки ўғлига икки уйини, икки ерини, техник хизмат кўрсатган жойини қайтариб бердик», — деди у.
Ташиев криминалнинг 100 миллиард сомдан ортиқ бойлигидан 20 миллиарни давлатга ўтганини таъкидлаб, қолгани ҳам ўтмоқда деб қўшимча қилди.
Колбаевнинг ўлими ва мулки
Қамчи Колбаев — Қирғизистон ва Марказий Осиёнинг энг машҳур криминалларидан бири бўлган. У уюшган жиноий гуруҳнинг лидери сифатида ИИВнинг рўйхатида турган. У ўлкада «қонундаги тождор ўғри» сифатида танилган.
4 октябрда қонундаги ўғри Қамчи Колбаев МХДҚнинг қўлга олиш операциясида ўлдирилган. Махсус хизматдан, унинг ҳибсга олинишига «Дев Чингиз» лақабли уюшган жиноий гуруҳ раҳбари Чингиз Жумагуловнинг ўлимига алоқадорлиги ҳақидаги шикоят асос бўлганини айтишган.
Криминалнинг ўлимидан сўнг МХДҚ унинг уюшган жиноий гуруҳининг 40дан ортиқ аъзоси қўлга олинганини билдирган. Шунингдек, криминалнинг ноқонуний йўл билан олинган мол-мулкини дастлабки умумий қиймати 1 миллиард АҚШ доллар деб ҳисобланиб, улар ҳибсга олинган.
Кейин Колбаевнинг аёли видеомурожаат йўллаб, ҳукуматдан яқинларини тинч қўйишни сўраган. Шунингдек, у кредитга қурилган бинолар оиласининг ягона даромад манбаи эканини таъкидлаб, ҳукуматдагилардан даромадсиз қолдирмасликни сўраган.