Ташиев: Колбаев ва Матраимовга алоқадор 225 нафар давлат ходими аниқланди

278

МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев марҳум криминал Қамчи Колбаев ва божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов билан алоқаси бор 225 нафар давлат хизматчиси аниқланганини билдирди.

Унинг айтишича, ходимларнинг 133 нафари Колбаев, 92 таси Матраимов билан яширин алоқаси бўлган. Уларнинг 70дан ортиғи ишдан бўшатилди.

«Божхона хизматида 85 ходим аниқланганини айтмоқчиман. Уларнинг 50га яқини ишдан бўшатилди. Давлат хизматини тоза бўлмаган одамлардан тозалаш ишлари барча тармоқда бўлади», — деди у.

Шунингдек, Ташиев «биз бор бўлсак, мен тирик бўлсам ўлкада жиноий гуруҳ, коррупцияга қарши курашиш охирига — қонунийлик ўрнагунча олиб борилади» деб таъкидлади.

Махсус хизмат 4 октябрда махсус операция вақтида «йўқ қилинган» криминал Қамчи Колбаевнинг ўлимидан кейин турли жиноий гуруҳларнинг аъзоларини қўлга олиш ишларини кучайтира бошлаган.

Райимбек Матраимов 2015 йилдан 2017 йилгача божхона хизмати раисининг ўринбосари бўлган. У божхона тизимларида 10 йилдан ортиқ ишлаган. Бу орада у хитойлик тадбиркор Хабибула Абдуқодирнинг яширин клани билан бирга коррупция схемасини тузган. Бу ҳақда 2020 йили «Клооп», «Азаттиқ» ва OCCRP’нинг журналистлари божхонадаги коррупция схемалари ҳақидаги суриштирувида айтиб беришган.

2021 йилнинг бошида Биринчи май туман суди Матраимовни коррупцияга айбдор деб топиб, унга 260 минг сом жарима тўлаш бўйича ҳукм чиқарган. Божхона раисининг собиқ ўринбосари ўзи ҳам коррупцияни тан олиб, бюджетга келтирилган зарар учун 2 млрд сом тўлаган.