Олимлар кенгаши: Кийиниш ва соқол қўйиш маданиятини оқартув йўли билан ҳал қилиш керак

243

Қирғизистон мусулмонлар дин бошқармасининг Олимлар кенгаши исломда кийиниш маданиятини ва соқол қўйиш одобларини, яхшилаш, тушунтириш йўли билан ҳал қилиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.

Олимлар кенгаши бу фикрни жамоат жойларида узун соқол ўстириб, юзини ёпиб, ўранганларга жарима солиш ҳақидаги қонун лойиҳаси сабаб айтишди.

Баёнотда шариатда аёллар учун қўли (кафти), оёғи (товондан ошиққача) ва юзи (соч ва ияккача) очиқ юришга рухсат берилгани айтилади. Қолган тана аъзолари аёл учун аврат деб ҳисобланади ва у ҳижоб билан ёпилиши керак.

«Бироқ ниқоб (паранжи) фарз эмас. Ҳозир ҳижобнинг даражасига ҳам етолмаганлар бор. Шу сабаб ҳижоб асосий фарз. Ҳижобнинг маълум бир шакли йўқ бўлгани учун, уламолар ҳар бир одам ўзи яшаган давлатнинг урф-одатларига мос келадиган шаклда кийинишини тўғри деб ҳисоблашади», — дейилади баёнотда.

Олимлар кенгаши соқол қўйиш суннат эканини ҳам таъкидлашди.

«Исломда кийиниш маданияти ва соқол қўйиш одобларини тартибга солиш, тушунтириш йўли билан ҳал қилиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз», — деб ҳулосаланади Олимлар кенгашининг баёноти.

Куни кеча парламент депутати Шарапаткан Мажитова жамоат жойларида узун соқол ўстириб, юзини ёпиб ўранганларга жарима солувчи қонун лойиҳасини таклиф қилган. Тегишли қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Депутат юзини ёпиб кийинган ёки узун соқол ўстирганларга 2 минг сом (20 ҳисоб кўрсаткичи) миқдорида жарима солиш ёки 30 соатгача муддатга жамоат ишларига жалб қилишни таклиф қилишган. Шунингдек, у агар жазо чоралари қўлланилгандан кейин такрорланса, 4 минг сом жарима солиш ёки 40 соатгача жамоат ишларига жалб қилишни айтган.

Депутатнинг айтишича, қонун лойиҳасининг мақсади одамнинг шахсини идентификациялаш ва ўлкада жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлиб саналади.