Орунтаевнинг ўрнига Бишкекнинг вице-мэри бўлиб Азамат Қадиров тайинланди

199
Азамат Кадиров. Сурат: Бишкек шаҳар мэриясининг матбуот хизмати.

Бишкек шаҳрининг собиқ вице-мэри Нурдан Орунтаевнинг ўрнига Азамат Кадиров мэрнинг муниципал мулк ва ердан фойдаланиш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Тегишли буйруққа мэр Айбек Жунушалиев қўл қўйди.

Бунгача Кадиров муниципал мулкни бошқариш департаменти директорининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

34 ёшли Кадиров Иссиқкўлда туғилган. У 2011 йили Қирғиз-рус Славян олийгоҳининг сиёсатшунослик, 2016 йили Иссиқкўл кооперация институтининг бухгалтерлик ҳисоби, таҳлил ва аудит бўлимини битирган.

У 2011 йилдан бери Бишкек шаҳар мэриясидаги турли бошқармаларда оддий ходим, етакчи бўлиб ишлаган. 2014-2016 йиллари «Истейт консалт» ишхонасининг бош директори бўлган.

Собиқ вице-мэр Нурдан Орунтаев янги хизматга ўтгани сабаб ишдан кетган. У президентнинг буйруғи билан Архитектура, қурилиш ва турар-жой коммунал хўжалиги давлат агентлигининг бошчиси бўлиб тайинланган.

Орунтаев ўтган йилнинг августидан бери пойтахтнинг вице-мэри бўлиб ишлаган. Бу лавозимга у «муниципал ҳудудга ноқонуний қурилгани» айтилган турли объектларни бузишга қатнашгани билан эсда қолди.