Беларус суриштирувчилар альянси: Қурманбек Бакиев бошқа исм билан иккинчи паспорт олган

253

Беларус суриштирувчилар альянси Қирғизистоннинг қочқин президенти Курманбек Бакиев Беларусда бошқа исм билан иккинчи паспорт олганини аниқлашди.

Суриштирувда Беларус президенти Александр Лукашенконинг буйруғи билан Бакиевга 2010 йилнинг августида фуқаролик ва паспорт берилгани айтилади. Кейин Бакиев «Закир Салиев» деган ном билан ҳам бир паспорт олган.

Журналистлар Бакиевнинг яқинлари ҳам иккитадан паспорт олганини айтиб, уларга ҳужжатлар қонунбузарлик билан берилганини таъкидлашди.

Суриштирувчиларнинг айтишича, Бакиевнинг уч аёли бўлгани учун у айрим болаларига «Закир Салиев» деган паспорти билан ҳужжат олиб берган.

Иккитадан паспорт олиш Бакиевларга чет давлатларига саёҳат қилишга имкон бериши айтилади. Маълумотга кўра, Бакиевлар Беларусдан 277 марта хорижий давлатларга учган.

Курманбек Бакиев — Қирғизистоннинг тахтдан қулатилган иккинчи президенти. 2010 йилдаги Апрель инқилобидан кейин оиласи билан Беларусга қочиб борган, ҳозирда ўша ерда яшайди. Қирғизистонда Бакиев сиртдан 30 йилга озодликдан маҳрум қилинган, унинг 25 йилини кучайтирилган тартибдаги қамоқда ўтказиши керак.

Турли вақтларда давлат раҳбарлари Бакиевни жазога тортиш учун ўлкага экстрадиция қилишга ҳаракат қилган, аммо натижа бўлмаган.