Қирғизистон ва Тожикистоннинг ҳукумат делегацияларининг топография ишчи гуруҳлари қирғиз-тожик давлат чегарасининг яна 17,98 чақиримини аниқлашди. Бу ҳақда 8 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг матбуот хизмати билдирди.
Қирғиз-тожик давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича икки давлатнинг ҳукумат делегацияларини топография ишчи гуруҳларининг навбатдаги учрашуви 1 ноябрдан 8 ноябргача Тожикистоннинг Соғди вилоятининг Бўстон шаҳрида ўтди.
«Томонлар Қирғизистон ҳудудида ўтадиган кейинги учрашувда қолган ҳудудлар бўйича тегишли ишни давом эттиради. Учрашув якунида тегишли протокол имзоланди. Учрашув дўстлик ва ўзаро тушуниш кайфиятида ўтди», — дейилади билдирувда.
3 ноябрда Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров қирғиз-тожик чегараси бўйича баҳсли масалалар 2024 йилгача ҳал бўлиши мумкинлигини билдирган.
8 октябрда қирғиз-тожик чегарасининг 43,32 чақирими аниқлангани маълум бўлган. 18 октябрда давлат чегарасининг 13,98 чақирими бўйича ҳам келишилган.
Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарасининг умумий узунлиги 972 километрни ташкил қилади, ҳозир унинг 600 кмга яқини келишилган.
Чегарадаги қуролли можаро
Ўтган йилнинг 14-17 сентябрда қирғиз-тожик чегарасида тўлиқ масштабли қуролли можаро бўлган. Отишув давлат чегарасининг барча периметрида ўрин олган. Икки томон ҳам ҳарбий агрессияда бир-бирини айблаган.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, отишув натижасида 63 киши қурбон бўлиб, 206 одам жабрланган. Қуролли жанжалда Қирғизистонга келтирилган умумий моддий зарар 3 млрд 130 млн сом деб баҳоланган.
Тожик ҳукумати тўқнашувда 41 тожик фуқароси ҳалок бўлиб, 20дан ортиқ одам жабрланганини маълум қилган. Аммо «Озоди Радиоси» ўз манбаларига таяниб, қурбонлар сони 81 киши эканини ёзган.