Садир Жапаров Қирғизистон халқини тарих ва аждодларини хотирлаш кунлари билан табриклади

272

Президент Садир Жапаров Қирғизистон халқини тарих ва аждодларини хотирлаш санаси билан табриклади. Унинг мурожаатини президент маъмурияти матбуот хизмати эълон қилди.

«Ҳар йили 7-8 ноябрни Тарих ва аждодларимизни хотирлаш санаси сифатида расман нишонлаймиз. Тарихи ва аҳамияти минг йилларга бориб тақаладиган бу хотира кунлари қирғиз халқининг ўнлаб асрдан иборат тарихидаги муҳим вазиятлардан, мураккаб ҳолатлардан ўтиб, бугунги мустақил давлат сифатида эркин ривожланиш йўлига тушган давргача бўлган воқеаларни ўз ичига олади», — деди Жапаров.

Президент республикамизнинг бугунги мустақиллиги аждодларимизнинг эзгу орзуси эканини, қирғиз халқи кўп қонли урушларга қарамай, ўзини, тилини, қадриятини, тарихини сақлаб қолганини таъкидлади.

«Биз давлатчилигимиз асосчилари – Абдикерим Сидиқов, Иманали Айдарбеков, Жусуп Абдиракманов, Абдиқадир Ўрозбеков, Ишенали Арабаев, Қасим Тинистанов, Баяли Исакеев, Тўрақул Айтматов каби илғор қирғиз зиёлиларининг вакилларини ҳеч қачон унутмаймиз. Биз қонли қатағон қурбони бўлган аждодларимиз хотираси олдида миннатдорчилик билан таъзим қиламиз. Шу боис 7 ноябрь Сиёсий қатағон қурбонларини хотирлаш куни сифатида нишонланади», — деди Жапаров.

Шунингдек, президент «Қора қирғиз автоном вилояти ташкил топганини 100 йиллигини нишонлаш ҳақидаги» фармонни имзолаганини ҳам маълум қилди. Тадбир давлат миқёсида 2024 йили нишонланади.

Тарих ва ота-боболарни хотирлаш куни собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг ташаббуси билан асос солиниб, нишонлана бошлаган. У ўз қарорини Қирғизистон «1917 йилдаги Февраль ва Октябрь революциялари билан 1916 йилдаги қайғули воқеаларга, тарихий холис баҳо бериши» керак деб тушунтирган.

Алмазбек Атамбаевнинг фикрича, 1916 йилдаги миллий озодлик ҳаракати ва унинг натижасида бўлган Октябрь инқилоби — бу Қирғизистон тарихи учун давлатчилик тузилишига туртки бўлган икки муҳим воқеа.