Олимлар кенгаши Фаластинга моддий ва маънавий томондан ёрдам беришга чақирди

203

Қирғизистон мусулмонлари дин бошқармасининг Олимлар кенгаши 6 ноябрда маълумот тарқатиб, қирғизистонликларни фаластинликларга жиҳодга бормай, моддий ва маънавий томондан ёрдам беришга чақирди.

Билдирувда Уламолар кенгаши «Исроилнинг Фаластиннинг оддий халқига қарши олиб бораётган уруш ҳаракатини инсониятга қарши жиноят деб айблаётгани» айтилади. Шунингдек, билдирувда «бу қайғу биргина фаластинликларнинг эмас, бутун дунёдаги мусулмонларнинг қайғуси экани» айтилади.

«Бўлаётган урушнинг шафқатсизлигини дунё халқалари айблаб, тезроқ тўхтатишни талаб қилишмоқда. Биз, Қирғизистон давлати географик томондан узоқ жойлашганимиз сабаб, маънавий ва моддий ёрдам беришни тўғри деб топдик. Шунинг учун аҳоли йиғилган жойларда, мадраса-масжидларда, жума намозига келган жамоат билан, қолаверса ҳар бир мусулмоннинг ўз ибодатларида Фаластин халқи учун дуо қилишга чақирамиз. Энг муҳими моддий ёрдам кўрсатиш шариатимизнинг ҳозирги ҳолатига кўра зиммамизга қўйилган талаби бўлиб ҳисобланади», — дейилади билдирувда.

ҚМДБнинг Уламолар кенгаши. Сурат: Муфтиятнинг матбуот хизмати.

Муфтиятнинг Уламолар кенгаши фаластин-исроил уруши сабаб ижтимоий тармоқлардаги турли чақириқларни ҳам текшириб чиқишганини айтишди.

«Натижада мусулмон қардошлармизга бўлган ёрдамимиз маънавий ва моддий бўлиши керак деган хулосага келдик. Шу сабаб ҳиссиётга берилиб, шахсан ёки бирор бир гуруҳлар билан бирга жиҳод деган ниятда Фаластинга бориш шариат қоидаларига мос келмайди деб ҳисоблаймиз», — деб билдиришди улар.

Қирғизистоннинг Ташқи ишлар вазирлиги фаластин-исроил уруши кучайиши борасида бир неча марта расмий маълумот берган.

9 октябрда Фаластиндаги ҲАМАС ҳаракати Исроилга ҳужум қилгандан кейин муассаса «Қирғиз республикаси кўплаб қурбонларга ва вайроналарга олиб келган фаластин-исроил уруши кучайишини хавотир билан кузатаётганини» билдирган. ТИВ ўз мурожаатида Қирғизистон «тинчликни ўрнатиш, аҳолини ҳимоя қилиш ва Яқин шарқдаги вазиятни барқарорлаштириш мақсадида томонлар уруш ҳаракатларини тўхтатишга ва сиёсий-дипломатик диалогни имкони борича тезроқ бошлашга чақириши» айтилган.

Давлатнинг ТИВ 18 октябрда ҳам билдирув билан чиқиб, унда Ғазо секторидаги «касалхонага бўлган ҳарбий зарбани кескин айблаган». Қирғизистон «бу халқаро гуманитар ҳуқуқбузарликни ҳар томонлама текширишга» чақиришини ва фаластин-исроил жанжалини БМТнинг хавфсизлик кенгаши ва бош Ассамблеясининг резолюцияларига мувофиқ, тинчлик йўли билан ҳал қилиш учун дунё ҳамжамиятининг ҳаракатларини бирлаштиришни ёқлаши таъкидланган.

20 октябрда ташқи сиёсий муассаса Қирғизистоннинг Исроил ва Ливандаги фуқароларига бу давлатдан чиқиб кетишни, уруш бўлаётган Яқин шарқ давлатларига сафар қилишдан бош тортишни таклиф қилган.

21 октябрда Бишкекда Ғазо секторининг яшовчиларини қўллаш бўйича ўтган акция. Сурат: Кундуз Кизилжарова / RFE/RL.

Бундан ташқари, Бишкекда 21 ва 28 октябрь кунлари Ғазо секторининг турғунларини қўллаш акциялари ўтган. Акцияга одамлар «Урушни тўхтатинглар», «Терроризмни тўхтатинглар», «Эркин Фаластин» деган ва бошқа ёзувлари бор плакатларни кўтариб чиқишган. «Азаттиқ» билдиршича, акция иштирокчилари 21 октябрда Ғазо секторида яшаган фаластинликларни қўллаш учун махсус ҳисоб очишни таклиф қилишган.

Шунингдек, Жогорку Кенеш депутатлари «фаластин-исроил уруши кучайгани сабаб жабрланган фаластин халқига моддий ёрдам қатори» бир кунлик маошларини ўтказишга қарор қилишган.