Қадамжой: Машинасида пиёдани уриб, ўлимига сабабчи бўлган гумондор қўлга олинди

266

31 октябрда Боткен вилоят Йўл патруль хизмати Қадамжой туманида пиёдани машинасида уриб, ўлдириб сўнгра қочиб кетган 23 ёшли турғун қўлга олинганини билдирди.

Воқеа 29 октябрга ўтар кечаси соат 00:50 да Қадамжойнинг Орозбеков қишлоғида содир бўлган. Гумондор Абдусамат қишлоғининг 40 ёшли турғунини машинаси билан уриб кетгани сабабли жабрланувчи воқеа жойида вафот этган.

Жиноятда гумонланувчи ва унга тегишли машина. Сурат: «Турмуш» нашри

Милиция суриштирув натижасида Қадамжойнинг Исхак-Полотхан қишлоғининг 23 ёшли турғунини жиноятда гумон қилиб қўлга олди. Уйидан яшириб қўйди дейилган Daewoo Nexia русумидаги машина топилди. Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда.

Жорий йилнинг сентябрида, Ўшда 1-синф ўқувчисини машина уриб кетиб, у шифохонада вафот этган. Жиноятда гумонланувчи сифатида Қорасув туманидаги хусусий тиббиёт муассасанинг бош шифокори қўлга олинган. Бироқ бир ойдан сўнг бу билан боғлиқ иш қисқартирилган.