МТРК: Божхонадаги коррупция туфайли сўнгги йиллари бюджетга ўнлаб миллиард тушмаган

300

21 октябрда Миллий телеканал Божхонадаги коррупция ҳақида лавҳа эълон қилди. Унда ҳар йили бюджетга ўнлаб миллиард сом тушмай қолгани ҳақида айтилади.

Давлат каналининг журналистлари Божхона хизматининг Контрабанда ва божхона қоидаларига қарши курашиш бошқармасига таяниб,  Қирғизистон-Хитой чегарасида жойлашган назорат-ўтказиш пунктидаги коррупцион схема ҳақида айтиб беришди. Уларнинг маълумотига кўра, ушбу схемалар туфайли 2016-2019 йилларда бюджетга 28 миллиард сомга яқин зарар келтирилган.

«Пандемиядан кейин божхона тўловларида кескин сакраш кузатилган. Агарда 2020 йилда тушган тушумлар 28 миллиард сомдан сал кўпроқ бўлган бўлса, 2022 йил натижасига кўра 74,3 миллиард сомни ташкил этган. Бошқача айтганда, у уч баробар кўпайган. 2023 йилнинг 9 ойи давомида 79,5 миллиард сомга етди. Мутахассисларнинг тахминича, 2023 йил охиригача 103 миллиард сом божхона тўловларининг тушуми кутилмоқда. Бу 2023 йилгача 70 миллиард сомга яқин давлат ғазнасига эмас, маблағ коррупционерлар чўнтагига тушиб турган»,— деб айтилади МТРКнинг сюжетида.

Журналистларнинг сюжети эфирга узатилишидан аввал МХДҚ марҳум “криминал авторитет” Қамчи Кўлбоев ва коррупцияга алоқадорлигини тан олган собиқ божхоначи Райимбек Матраимов билан «яқин алоқаси» бўлган 50ка яқин ходим Божхонадан кетганини билдирган.

Журналист (Божхонадаги коррупция бўйича текширувлар муаллифларидан бири) Али Токтақунов бунга қадар коррупцион схемалар ҳақида оғиз очмай келган Божхона ва МТРК анъанани бузиб айтиб чиққанини қутлаган. Унинг сўзларига кўра, Божхонадаги коррупция кўлами янада кенгроқ.

«Энди давлат бу пулларни қайтариб олиши керак. Агар бу пул ўғирланмаганида, 28 миллиард сомга бойроқ яшаган бўлардик [...] Бундан ташқари, Торуғартда (Қирғиз-Хитой чегарасида) назорат-ўтказиш пункти мавжуд. Улардан ташқари бошқа терминаллар ҳам бор. Агар ҳукумат шунча бошлаганидан кейин ишни охирига етказиб, кучли сиёсий иродага эга бўлиб, унда ҳисобсиз божхонадан ўғирланган миллиардларни, қайтарса, нақд қирғизларнинг қошиғи ҳам, лагани ҳам тилла бўлади. Керак бўлса, бу маблағлар ҳисобидан ташқи ва ички қарзларни тўлаш имконияти мавжуд», — деб айтди Токтакунов.

Божхонадаги коррупция бўйича суриштирув

Божхона хизмати номи бир неча бор коррупция можароларида тилга олинган, улардан бири божхона бошлиғининг собиқ ўринбосари Райим Матраимов билан боғлиқ. Бу ҳақда OCCRP, «Озодлик»нинг қирғиз хизмати ҳамда «Клооп»нинг «Ипак йўлидаги контрабанда, коррупция ва кланлар» номли суриштирувида айтилади.

Матраимов 2015—2017-йилларда Божхона хизмати раиси ўринбосари бўлган. У божхона тузилмаларида 10 йилдан ортиқ ишлаган. Бу орада у хитойлик тадбиркор Ҳабибула Абдуқодирнинг соядаги клани билан биргаликда коррупцион схемани бошлаб юборган.

Журналистларнинг аниқлашича, Абдуқодирнинг оилавий клани Хитойдан Қирғизистонга, сўнгра Марказий Осиё мамлакатларига ноқонуний товарлар олиб кетаётган вақтда, Матраимов бу схеманинг ишлашига тўхтовсиз ёрдам берган ва ўз оиласининг хайрия жамғармаси ҳисобига «эҳсон» олиб турганини аниқлашган.

Умуман олганда, Абдуқодир клани Қирғизистондан камида 700 миллион АҚШ долларини олиб чиқиб кетган – бу журналистлар исботлаган биргина маблағ.

Матраимов ва унинг яқинлари коррупцион схемалар орқали аниқ қанча пул ишлаб топгани ҳозирча маълум эмас. Бироқ, унинг оиласининг кутилмаганда (ва ноқонуний) бойигани ошкор бўлган. Масалан, журналистлар Қирғизистонда ҳам, хорижда ҳам Матраимовлар оиласига тегишли қимматбаҳо мулкларни топишган. АҚШ Матраимов ва унинг хотинини «Магницкий рўйхати»га киритган.

2021-йил бошида Биринчи Май туман суди Матраимовни коррупцияда айбдор деб топиб, 260 минг сом жарима тўлашга ҳукм қилган эди. Божхона бошқармаси раисининг собиқ ўринбосари ҳам коррупцияга иқрор бўлиб, бюджетга етказилган зарарни тиклаш учун 2 миллиард сом тўлаган.

Бош саҳифада иллюстрация