Ўзган: Марказий бозорда хусусийлаштирилган умумий 87 млн сомлик ер давлатга қайтарилди

252

Ўзган марказий бозори

Ўш вилоятининг Ўзган туманидаги марказий бозорда хусусийлаштирилган 87 млн сом 10 минг 882 кв метр ер давлатга қайтарилди. Бу ҳақда 23 октябрда Ўзган шаҳар мэрияси билдирди.

Маълумотга кўра, олдин бу ерлар қонунбузарлик билан хусусийлаштирилган. Ўзган туман судининг қарори асосида ерлар тўлиқ шаҳар мэрияси тасарруфига ўтди.

«2017 йили Ўзган бозоридаги асосий кўприкда катта ёнғин бўлган. 226 савдо контейнери зарар кўрган. Ҳозир айтилаётган ерда ноқонуний савдо расталари ўрнатилгани учун ўт ўчириш машиналари киролмай қолган. Бугунги кунда бозорни тартибга соляпмиз», — деб билдирди мэриянинг Архитектура бошқармаси бошчисининг ўринбосари Нурсултан Ташмамитов.

Ўзган туман прокуратурасининг маълумотига кўра, муниципал мулкка ўтган ерларни мустақил экспертлар 87 млн сомга баҳолаган.

Бунгача марказий бозордаги ерларга ноқонуний эгалик қилган фуқаро айрим участкаларни учинчи шахсларга оғзаки равишда сотиб юборгани маълум бўлди. Ҳозирда судда ютқазган томон аппеляция аризасини бермаган.

17 октябрда МХДҚ Бишкекда ноқонуний берилган ва ижарачилар томонидан ердан фойдаланиш шартлари бузилган умумий майдони 6644 кв метр бўлган 100дан ортиқ уй ва турар-жой бўлмаган ерлар давлатга қайтарилиб, 594 млн сом зарарнинг ўрни тўлдирилганини билдирган.

Муаллиф: Жарқинайим Полотбек қизи