Зулушев: Бишкекнинг ғарбий қисмига 20 минг кишига мослаштирилган от майдони қуриш режалаштирилмоқда

274

Кўпкари федерациясининг йиғинида бирлашманинг президенти Курманкул Зулушев 20 минг кишига мослаштирилган от майдонини қуриш бўйича лойиҳа тайёр эканини билдирди.

«Ўтган ҳафтада президент Садир Жапаров менга топшириқ берди. Тегишли ходимлар янги от майдони лойиҳасини чизиб битирди. 20 минг ўринли бўлади. Янги от майдонини қуришга Бишкекнинг ғарбий томонидан ДАН пости томонидан 210 кв ер участкасини бериш режалаштирилмоқда. Бу масала келаси ҳафтада Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқилади», — деди у.

Жорий йилнинг март ойида президент Садир Жапаров «Ак-Кула» от майдонини бузиб, ўрнига кўп қаватли уй қуриб, аҳолига имтиёзли ипотека асосида беришни топширган.

Маҳаллий ОАВнинг маълуомтига кўра, от майдонини «Манас» аэропорти томонга қуриш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, йиғинда Зулушев улоқ тортиш вақтида Ўшдагидай тартибсизлик такрорланса, давлат миқёсидаги катта мусобақалар ўтказилмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

Кўпкари ўйинидаги жанжал

31 августда Ўш шаҳрида Мустақиллик кунига бағишланган президентнинг кўпкари кубогининг финали жанжал билан тугаган. Финалда Таласнинг «Интимақ» жамоаси Ўшнинг «Достук» жамоасини 2:1 ҳисобида енгди.

Мусобақа тугаганда ўйиннинг натижасига ва ҳакамлардан норози бўлган мухлислар стадионга югуриб чиқиб, ҳакамга тош ота бошлашган. Жанжал натижасида умумий олти одам жароҳатланган.

Кейин жанжалга боғлиқ 65 киши сўроқ қилиниб, уларнинг 9 нафарига «Безорилик» моддаси билан иш қўзғалган. Қолган 56 турғунга «Майда безорилик» моддаси бўйича протокол тузилиб, қўйиб юборилгани айтилган.

Муаллиф: Айдана Айбек қизи