МХДҚ: Колбаев ва Матраимов билан алоқаси бор 50га яқин божхона ходими ишдан олинди

383

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси йўқ қилинган криминал Қамчи Колбаев ва коррупция бўйича айбини тан олган собиқ божхоначи Райимбек Матраимов билан алоқаси бор 50га яқин ходим божхона хизматидан бўшатилганини билдирди.

«Аниқланишича, тегишли чора-тадбирлар давомида Давлат божхона хизматининг 50га яқин ходими криминал авторитет К.Асанбек ва Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Р.Матраимов билан тиғиз алоқада бўлгани аниқланди. Шу сабаб Давлат божхона хизматининг юқорида тилга олинган ходимлари эгаллаган хизматидан бўшатилди», — деб билдиришди муассасадан.

МХДҚ билдиришича, бу ходимлар ведомствонинг ички буйруқларини бузган.

Махсус хизмат 4 октябрда махсус операция вақтида қаршилик кўрсатгани учун йўқ қилинган криминал Қамчи Колбаевнинг ўлимидан сўнг турли жиноий гуруҳларнинг аъзоларини қўлга олиш ишларини кучайтира бошлаган.

Райимбек Матраимов 2015 йилдан 2017 йилгача божхона хизмати раисининг ўринбосари бўлган. У божхона тизимларида 10 йилдан ортиқ ишлаган. Бу вақт оралиғида у хитойлик тадбиркор Хабибулла Абдуқодирнинг яширин клани билан бирга коррупция схемасини йўлга қўйган. Бу ҳақда 2020 йили «Клооп», «Азаттиқ» ва OCCRP’нинг журналистлари божхонадаги коррупция схемалари ҳақидаги суриштирувида айтиб беришган.

2021 йил бошида Биринчи май туман суди Матраимовни коррупцияга айбдор деб топиб, унга 260 минг сом жарима солган. Божхона раисининг собиқ ўринбосари ўзи ҳам коррупцияни тан олиб, бюджетга келтирилган зарар учун 2 млрд сом тўлаган.