Ақилбек Жапаров: Қирғизистон жаннат каби бўлади, криминал деган тушунча бўлмайди

293

Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров Қирғизистонда бундан кейин криминал деган тушунча бўлмайди, деб билдирди. Бу ҳақда у 11 октябрда фейсбук саҳифасида ёзди.

«Хорижлик инвесторлар, оддий халқ ва оддий тадбиркорларимиз учун Қирғизистон жаннат каби бўлади. Демократия ва сўз эркинлиги янада яхшиланади. Ҳар бир қишлоқдаги мен “чёрнийман” деганларни, эл ўзинглар ва маҳаллий милиция юқори ҳукуматга етказиб турсанглар, бўлди. Қолгани бизнинг ишимиз», — деди у.

Ҳукумат сўнгги кунларда уюшган жиноий гуруҳларга қарши фаол курашаётганини билдирмоқда. Бу ишлар билан Қамчибек Ташиев бошчилигидаги МХДҚ шуғулланмоқда.

Махсус хизмат 4 октябрда махсус операция давомида йўқ қилинган криминал Қамчи Колбаевнинг ўлимидан сўнг, турли жиноий гуруҳларнинг аъзоларини қўлга олиш ишларини кучайтира бошлаган.

Кейин МХДҚ Колбаевнинг уюшган жиноий гуруҳи аъзолари қўлга олинганини билдирган. Махсус хизмат маълумотига кўра, жами уюшган жиноий гуруҳнинг 40 дан ортиқ фаол аъзолари ва етакчилари қўлга олинган.

Шунингдек, Колбаев ўлдирилгандан сўнг ижтимоий тармоқларда УЖГ аъзолари ва криминаллар, «қонундаги ўғри» деган мақомлари билан жиноят оламидаги «тушунчаларидан» воз кечиб, давлат қонунларига бош эгишни ваъда қилган видеолари тарқалмоқда.

Яна ўқинг:

«Бундан сўнг криминал муҳит бўлмайди». Ташиев тадбиркорларни жиноий гуруҳларга пул бермасликка чақирди.