«Бутун Қирғизистон» фракциясининг лидери Адахан Мадумаровга қўзғалган жиноят ишини тергови тугаб, судга ўтди. Бу ҳақда 10 октябрда халқ вакилининг адвокати Юлия Богданова «Азаттиқ» нашрига билдирди.
Маълумотга кўра, Мадумаровнинг ишини Бишкекнинг Биринчи Май туман суди кўриб чиқади.
Адвокат ишга яширин деган гриф қўйилгани учун ҳеч қандай маълумот олиш мумкин бўлмаётганини ва халқ вакилига юридик ёрдам бериш оғирлашганини айтди. Богданованинг билдиришича, Мадумаровнинг қўлига айблов акти ҳамон берилмаган.
«Биз энди суднинг адолатига ишонамиз. “Давлатга хиёнат” моддаси асосида қўйилган айб асоссиз. Мадумаров ўзи буни унга қарши махсус қилинаётган иш деб баҳоламоқда», — деди адвокат.
Сиёсатчининг яна бир адвокати Кубаничбек Туманов халқ вакилининг юрагини текширадиган вақтинчалик тиббий аппарат қўйилганини, 26 сентябрга ўтар кечаси «унинг юраги тўрт марта тўхтагани аниқланганини» билдирди. адвокатнинг айтишича, МХДҚ касалхонасининг кардиологи «Мадумаровга зудлик билан операция қилиш кераклигини» айтган.
«Бироқ биз шу кунгача Мадумаровни касалхонага чиқариб, соғлиғини назорат қилолмаяпмиз», — деб билдирди Туманов.
Мадумаровнинг қўлга олиниши
«Бутун Қирғизистон» фракция лидери Адахан Мадумаров 2 сентябрда ИИВ томонидан қўлга олинган. Унга 2009 йили қирғиз-тожик чегараси бўйича протоколга қўл қўйгани учун «Ватанга хиёнат» моддаси билан айб қўйилган. Суд сиёсатчини 24 октябргача МХДҚнинг ТИЗОсига қамоққа олган.
Сиёсатчининг иши Мадумаров 2009 йили Хавфсизлик кенгаши котиби бўлиб турган вақтда имзолаган қирғиз-тожик чегарасидаги Тўрт-Кўча участкаси бўйича протоколга боғлиқ. Ўша йили Мадумаров Ўш — Боткен — Исфана йўлининг ва кўприк қуриш учун Тожикистондан 5 гектар ерни ижарага олиш тўғрисида протоколни имзолаган.
Мадумаров ўзи мазкур ҳужжатнинг юридик кучи йўқлигини айтган, президент Садир Жапаров эса протокол кучга эга бўлганлигидан Тожикистон Тўрт-Кўчани талашмоқда деб билдирган.
2023 йилнинг июнида Жогорку Кенеш бош прокурорнинг таклифи билан Адахан Мадумаровни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат берган. Унда Мадумаровга 2009 йили қирғиз-тожик чегараси бўйича протоколни имзолагани учун («Ваколатларидан ортиқча фойдаланиш» моддаси бўйича), Кампиробод иши бўйича («Ҳукуматни куч билан босиб олиш» ва «Оммавий тартибсизликлар» моддалари) бўйича айбланган.
Қўлга олингунга қадар, Мадумаров, амалдаги ҳукуматни Конституция ва фуқароларнинг ҳуқуқларини бузаётгани учун танқид қилиб келган.
26 сентябрда «Давлатга хиёнат» айби қўйилган, қамоқдаги депутат Адахан Мадумаровнинг тарафдорлари Ўзганнинг Куршаб қишлоғида ҳукуматга мурожаат қилиш учун «Чинар» истироҳат боғига йиғилган. Улар сиёсатчини озод қилишни талаб қилишмоқчи бўлган.
Аммо милиция жамоат жойларида норозилик акциясини, митинг ўтказишга тақиқ киритган деган сабаб билан йиғилганларни тарқатиб юборган. Бунгача бу ҳақда маълум қилинмаган.