Қозоғистон дейсизларми? Майнерлар электр энергиясини Бакиевга алоқадор фирмадан олади

747
Вера Андрианованинг «Клооп» учун иллюстрацияси

«Клооп» «Соларкоин» деб аталган йирик майнинг компанияга электр энергиясини берган Қозоғистон компаниясининг номини аниқлади. Бироқ амалда майнинг ферма электр энергиясини Қозоғистон компаниясидан эмас, шусиз ҳам танқис бўлиб турган Қирғизистоннинг энерготизимидан олмоқда, деб тахмин қилишга асос бор. Майнинг фермага эса Максим Бакиев атрофидаги одамлар ёрдам бераётгандай.


Иштаҳаси карнай бўлган «Соларкоин» фаолиятига ўтган йили баҳордан бери эътибор қаратила бошлаган. 2023 йилнинг март-май ойларида энергетикадаги масъул амалдорларга алоқадор мазкур майнинг компания Қирғизистонда электр энергиясини ишлатувчи йирик компаниялар орасида иккинчи ўринда турган. Ўша ватқда бу компания уч ой ичида 48,47 минг мегаватт-соат сарфлаган. Июлда, қирғиз энергетика ҳисоблаш марказининг маълумотига таянсак, умуман рекорд қўйган: ойига деярли 20 минг мегаватт-соат сарфлаган.

Қирғизистонда электр энергияси танқис бўлаётгани учун майнерларга бутун давлат энергетика тармоғига қўшилиш тақиқланган. Бироқ 2023 йилнинг июлида «Клооп» журналистик текширувда «Соларкоин» электрни фақат давлатдан сотиб олаётганини аниқлаган.

Икки кундан кейин давлат раҳбари Садир Жапаров бу маълумотни тасдиқлашга мажбур бўлган. Бироқ дарров оқланиб, майнерлар «биз ҳеч қаерга сотолмаётган» «ортиқча» электр энергияни сотиб олиб, давлатга катта даромад олиб келаётганини айтган.

Яна бир неча кундан кейин энергетика вазири Таалайбек Ибраев, давлат бюджети майнингдан тушган пулдан қуруқ қоляпти деб, журналистларни айблаган. У ОАВнинг суриштирувидан кейин «Соларкоин» маҳаллий электрни сотиб олишдан бош тортиб, 1 августдан уни Қозоғистондан сотиб ола бошлашини айтган.

Қозоғистон журналистлари буни аниқлаш учун ўзларининг энергетика вазири Алмасадам Саткалиевга мурожаат қилишган. Саткалиев Қирғизистоннинг майнинг-фермаси билан аниқ шартнома йўқ деб жавоб берган. Аммо Қозоғистон ортиқча электр энергияни «маълум соатларда» қўшниларга экспорт қила олади деган. Шу сабаб вазир «энергетика ишхоналарининг даражасида музокара ўтказилаётган бўлиши мумкинлигини» таъкидлаган.

Қўшни давлатнинг вазири қайси ишхоналар ҳақида сўз бўлаётганини аниқ айтмаган. Аммо охири уни Қирғизистоннинг Энергетика вазирлиги очиқлаган. «Клооп» сўровига муассасадан, энди «Соларкоин» электр энергиясини «ГЭС-Энерго Алмати» масъулияти чекланган ҳамкоридан (МЧЖ) сотиб олмоқда деб билдирган.Биз бу компанияни таҳлил қилиб, кўплаган қизиқарли нарсаларни топдик.

Макс учун парда

Қозоғистоннинг «ГЭС-Энерго Алмати» МЧЖ 1998 йилдан бери ишлайди. СПАРКнинг маълумотига кўра, компания унинг алмашмас директори Алексей Феоктистовга ва Германиянинг Валдемар Миллер деган фуқаросига тегишли.

«ГЭС-Энерго Алмати»нинг асосчилари ва ходимлари билан боғланишнинг имкони бўлмади: бирининг телефони ишламайди, иккинчиси унга тегишли бўлмаган рақам бўлиб чиқди. Аммо бу кичик компания олдин Қирғизистон электрини Қозоғистонга ташиб юргани аниқ бўлди. 2010 йили уни 1,5 млрд киловатгача бўлган ҳажмда сўраб, Қирғизистоннинг «Элекстр станциялар» давлат ишхонасидан сотиб олган.

Бундай шартномалардан бири коррупция можароси билан тугаган. «Электр станциялар» ишхонасининг экспорт бўлими бошчиси Кутбидин Нажимидинов Қозоғистонга 15 млн киловатт-соат энергияни бир кВт/с 2,8 центдан сотиш ҳақидаги шартномани узайтириш учун Феоктистовдан пул талаб қилган. Ўша вақтда Қозоғистоннинг ўзида электр энергияси камида 8 цент бўлган.


Бу ҳам камдай, «Клооп» «ГЭС-Энерго Алмати» МЧЖнинг Қирғизистоннинг қочқин президентининг ўғли Максим Бакиев билан алоқаси борлигини ҳам аниқлади. Шунингдек, Чуй, Норин ва Иссиқкўл вилоятларини электр энергияси билан таъминлаган давлат монополистлари «Тундукэлектро» билан «Чигишэлектро»нинг 80% акциясини товламачилик билан хусусийлаштириб олишига ҳам буларнинг алоқаси бор.


2010 йили «ГЭС-Энерго Алмати» фирмаси юқорида тилга олинган давлат компанияларининг акциясини Максим Бакиевнинг «Чакан ГЭС» ОҲЖ фирмаси арзон сотиб олиши учун инвестициявий танловда қалбаки рақобатни ташкил қилган. Жиноий хулосага «Чакан ГЭС»нинг директори Рустам Юнусбаев қатнашган — қирғиз энергетикасида Бакиевнинг ўғли Максим ва унинг яқин дўсти Алексей Ширшов имзо қўйган коррупция схемаларининг доимий фигуранти.

2013 йили Курманбек Бакиевнинг режими қулагандан кейин Бишкекнинг Биринчи май туман суди, чет ўлкада яшириниб юрган Максим Бакиевни сиртдан 25 йилга судлаган. Чиқарилган ҳукмдан «ГЭС-Энерго Алмати»нинг директори Алексей Феоктистов билан жиноий тил бириктириб, натижада Бакиевнинг фирмаси «Тундукэлектро» давлат ишхонасининг 80% акциясини тан тархидан 45 марта арзон сотиб олгани маълум бўлган.

Кўзга кўринмаган энергия

Энди агар Энергетика вазирлигига ишонсак, шу Бакиевларнинг «четга чиққан схемасини» аввалги иштирокчиси қирғиз майнерларига Қозоғистон электрини сотмоқда. Ёки сотмоқчи: бўлмаса энергетика вазири Ибраев майнерлар уни 1 августдан бошлаб олаётганини айтмоқда, 8 августга кўра электр энергияси берилмаган.

У борми?

МДҲнинг Электр энергетика кенгашининг маълумотига кўра, «ГЭС-Энерго Алмати»нинг қуввати 0,43 МВт-соатни тузган кичик ГЭСи бор. Энергетика тармоғидаги эксперт Эрнест Карибеков бу Бистровкадаги «Соларкоин» майнинг фермасини электр энергияси билан таъминлаш учун жуда оз деб ҳисоблайди: баҳорда соатига ўртача 22,5 мегаватт керак бўлган, июлнинг охирида Энергетика вазири Таалайбек Ибраевнинг айтишича, 25 мегаватт кетган.

«ГЭС-Энерго Алмати» етмаган электр энергиясини Қозоғистоннинг ялпи энергетика тармоғидан тўлиқлаб олади, дейди Карибеков. Бироқ компаниянинг моддий натижаларини қараб кўрсак, сўнгги йилларда у катта ҳажмда товар сотган эмас, солиқ тўловлари эса 2015-2021 йилларда деярли олти марта пастлаб кетган.

«Соларкоин» Қозоғистонга қўшилгандан фойда топиши ҳам гумон — Қирғизистон давлат электрни майнингга сотишни тақиқлаган қоидани бузиб, арзон эмас, кВни олдингидай 5,04 сомдан сотганда ҳам савол туғилган. Қозоғистонда ҳозир электр энергиясининг минимал чакана нархи бир кВт учун тахминан 4,47 сом туради, майнерлар учун эса 4,5 сомни ташкил қилади. Бундан ташқари, ҳар бир киловатни Қирғизистоннинг электр тармоқларидан транзит қилиб ўтказиш учун 23 тийиндан тўлаб, трансчегара тўловларни тўлаши керак бўлади. Энди бунинг ўзи зарурми, аҳамияти қанча?

Албатта, электр энергиясини улгуржи сотиб олса бўлади. Бироқ Қозоғистоннинг электр энергиясини бозорда улгуржи сотган субъектларнинг сентябрга кўра рўйхатида «ГЭС-Энерго Алмати» компанияси йўқ. Демак, бу қўшимча ҳақ тўлаб воситачи орқали сотиб олмаса, улгуржи бозорда электр энергиясини тўғридан-тўғри сотиб олмайди, деган сўз. «ГЭС-Энерго Алмати» компанияси Қозоғистоннинг 2023 йил сентябрида электр энергия бозорининг истеъмолчилар реестрида ҳам йўқ. Бошқача айтганда, бу воситачилардан ҳам электр энергиясини сотиб олмайди.

Бу ерда «Соларкоин»га саволлар туғилади: нима учун электр энергиясини олиш учун Қозоғистоннинг электр энергиясини бозорда улгуржи сотган субъектларининг бирортасини танламай, «ГЭС-Энерго Алмати»ни танлаган? Нима учун электр энергиясини беради, деб танлаб олган компаниясининг ўзини, ўзини бўлмаса ҳам бошқадан олган етарли миқдорда электр энергияси йўқ? Балки бу фирма одатдагидан ҳақиқий иш йўналишини яшириб, қирғиз майнерлари электр энергиясини яна бошқа жойдан олаётган бўлиб кўринмасин?

Бакиевнинг ўғлидан Жапаровнинг қудасигача 

«Клооп» бунгача «Соларкоин» «Қирғизистон миллий электр тармоқлари» ишхонаси директорлар кенгашининг аъзоси Жиргалбек Турускулов ва «Электр станциялари» директорлар кенгашининг аъзоси Фархат Иминов алоқаси борлигини айтиб берган. Бу одамлар ватанида миллионлаб киловатларни бошқарганини ҳисобга олганда, уларнинг майнер-ҳамкорлари Қозоғистондан электр сотиб олишни истамаса керак.

«Электр станциялари» билан «ГЭС-Энерго Алмати» ҳам боғлиқ бўлган. 2010 йили компания бу давлат ишхонасидан яна Қозоғистонга сотиш учун арзон электр энергиясини сотиб олган. «Электр станциялар»нинг амалдори олдин «ГЭС-Энерго Алмати» директоридан шартномани узайтириш учун пул талаб қилган.

«Соларкоин» билан «ГЭС-Энерго Алмати»нинг алоқаси — биз Максим Бакиевнинг қирғиз майнингида топган биринчи изи эмас. Ёзда «Клооп» қандай қилиб қирғиз ҳукумати электр энергиясини чиқариш баҳонасида давлатнинг Камбар-Ата-2 ГЭСидан 30 Мегаватт электр энергиясини Бакиевларга алоқадор «МБТ Строй» майнинг фермасига берганини батафсил айтиб берган.


Буларнинг бари электр энергияси танқислиги кучайган вақтда, Энергетика вазири Таалайбек Ибраев биздан давлат электр энергиясини майнерларга беришни давом этаётганини яширмоқда, деб тахмин қилишга асос бўлади.


Қолаверса, республикада энергетик инқироз Бакиев даврида ҳам муҳим масала бўлгани ҳаммага маълум. Ўша вақтда энергетика компанияларни бошқарган Ибраев ўзи ҳам Ширшов билан ишлаганидан тонмаган. Эслатиб ўтсак, Бакиев қулатилгандан кейин Ибраевга энергетикадаги коррупция бўйича жиноят иши қўзғалган эмас.

Буларнинг барини коррупционерларни титратган Садир Жапаров биладими? Билиши керак: Бакиев вақтида амалдаги президент Коррупцияни олдини олиш бўйича агентликни бошқарган. Бу йил давлат раҳбари давлат электр энергиясини майнерларга берилишини қўллаган. Икки йил олдин Temirov LIVE’нинг суриштирувчи журналистлари Жапаровнинг қудаси Айдар Адилбеков «Чигишэлектро» бошчисининг ўринбосари бўлганини аниқлашган. Бу ўша Бакиевнинг ўғли «ГЭС-Энерго Алмати» орқали арзон пулга хусусийлаштириб олган компания (Бакиев қулатилгандан кейин у давлатга қайтарилган).

Қизиқ ўхшашлик: «Клооп» ва «Азаттиқ» июлда «Соларкоин» иши ҳақида суриштирув чиқаргандан кейин Қирғиз энергетика ҳисоби бўйича маркази давлатнинг йирик истеъмолчилари ҳақида ҳар ойда чиқарган рўйхатини эълон қилишни тўхтатган .

Муаллифлари: Арууке Солтоной, Виктор Мухин