Қирғизистонда ноннинг нархи давлат томонидан вақтинчалик назоратга олинади

205

Қирғизистонда нон ва нон махсулотлари нархларига вақтинчалик давлат томонидан тартибга солиш жорий қилинди. Бу ҳақда 5 октябрда Иқтисодиёт вазирлигидан билдиришди.

Унда бундай қарор 3 октябрдаги қонун билан, ижтимоий аҳамиятга эга махсулотлар баҳоларининг ўсишига йўл бермаслик мақсадида қабул қилинди.

Бунга қадар Вазирлар Маҳкамаси республикада озиқ-овқат хавфсизлигини сақлаш ва нархларнинг кескин ўсишига йўл бермаслик мақсадида ун ва буғдойни чиқаришга (экспорт қилишга) олти ойга чеклов киритган.

Қирғизистонда сентябрь ойи охирида нон билан уннинг нархи кескин кўтарилиб кетган. «Азаттиқ»нинг билдиришича, Қозоғистондан импорт қилиниб келинган бир қоп уннинг ўртача баҳоси 1000 сомга қимматлаган. Шу билан бирга ноннинг нархи ҳам кўтарилган.

Қирғизистонда уннинг баҳоси кўтарилгани ҳақидаги масала парламентда ҳам кўтарилган. Жогорку Кенешнинг 21 сентябрдаги йиғилишида айрим депутатлар бунга ҳукумат етарлича чора кўрмаётганини айтиб танқид қилишган.

Кейин МХДҚ бошчиси Қамчибек Ташиев депутатларга мурожаат қилиб, уларни «хайп қилмасликка» чақирган. У Қозоғистондаги ун баҳосини кўтарилиши Қирғизистонга таъсир қилмаётганини таъкидлаган ва биринчи навли уннинг нархи «тез орада пасайишини» билдирган. Шунингдек, у «мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлиги етарлича таъминланганини» алоҳида таъкидлаган.

Вазирлар Маҳкамаси эса Қозоғистон унига бўлган нархнинг ўсиши Қозоғистондан Қирғизистонга келувчи темир йўлдаги мавсумий тиқин билан тушунтирган.

29 сентябрда «Акчабар» молиявий нашри, Қирғизистондаги нонвойчилар нонларни маҳаллий ундан ёпа бошлаганини билдирган.

Бош саҳифадаги сурат: Темирлан Сидикбеков / RFE/RL.