«Аввал саккиз марта судланган». Ўшда икки нафар турғуннинг машинасини олиб, алдаб кетган гумондор қўлга олинди

Сурат: Ўш шаҳар ИИБ.

3 октябрда Ўш шаҳар милицияси икки кишининг машинасини олиб, алдаб кетган 45 ёшдаги гумондор ушланганини билдирди. У Боткен вилоятининг Қадамжой тумани турғуни бўлиб чиқди.

Маълумотга кўра, гумондор биринчи кишининг машинасини 8 минг долларга баҳолаган, 100 минг сомини берган. Қолганини бўлиб тўлаш шарти билан олиб, жабрланувчининг ишончига кириб, машинани сотиб юборган.

Гумондор иккинчи жабрланувчининг машинасини 500 мингга баҳолаган — 100 минг сомини бериб, қолганини тўламай, машинани сотиб юборган.

Милиция бу бўйича «Фирибгарлик» моддаси билан иш қўзғаб, гумондорни вақтинчалик сақлаш жойига киргизди. Суриштирув давомида у аввал саккиз марта судлангани аниқланди.

Бунга қадар, 29 сентябрда Ўш вилоятида квартираларга кириб ўғирлик қилган 30 ёшли шахс қўлга олинган. Гумондор жабрланувчиларга 2 млн 322 минг сом зарар келтиргани аниқланиб, у айбини бўйнига олган.