Ўшда қутурма касалини юқтириб олган 12 ёшдаги бола вафот этди. Бу ҳақда 1 октябрда шаҳар болалар касалхонасининг шифокорига таяниб, «Азаттиқ» нашри ёзди.
Маълумотга кўра, ўсмирни август ойида Ўзган туманида ит тишлаб олган. Унинг яқинлари шифокорларга вақтида мурожаат қилмаган. Болани касалликнинг аломатлари кузатилгандагина шифокорга кўрсатишган.
20 сентябрда боладан қутуришнинг белгилари аниқланиб, 26 сентябрда вафот этган.
Бунга қадар, август ойида Боткен вилоятининг Қизилқия шаҳрида қаровсиз ит саккиз кишини тишлаб, улар касалхонага ётқизилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, яраланганларга қутуришга қарши иммуноглобулин ва махсус эмлаш курси тайинлангани, инфекцияни тарқалмаслиги учун бир неча тадбирлар уюштирилганини таъкидлаган.
Қутурма — бу ҳайвонлардан юқувчи вирусли касаллик, уни вакцина билан олдини олиб, даволаса бўлади. Вирус одамга 99% ҳолатда уйда боқилган итлардан юқади.
Инфекция одамга ҳайвонлар тишлаб ёки тирнаб олганда, кўпинча сўлак орқали юқади. Ит тишлаб олган киши, яраланган жойини тезда совун билан ювиб, шифокорга мурожаат қилиши керак. Вирус юқтириб олган бемор шифокор тайинлаган эмлаш курсидан ўтиши зарур. Эмлаш бепул қилинади.
Бош саҳифадаги иллюстратив сурат.