2 сентябрда ижтимоий тармоқда Ўш шаҳрида милиция таксист зўравонлик қилди деган 17 ёшли қизнинг аризасини қабул қилмагани ҳақида видео тарқади.
Видеода ўсмир қиз Ўшдаги ички ишлар бошқармаси биноси олдида йиғлаб ўтирганини кўриш мумкин. У милиция ходимларининг эътиборсизлигидан норози бўлган.
«Бир таксига ўтирдим, мени уйга етказган. У менга “сенга 5 6 минг сом бераман” деб бўйнимдан ўпа бошлади. Буларга [милицияга] “таксист мени жалаб деди” демай, телефонимни олиб қўйди десам, телефонимни чўнтагимдан топиб олиб, мени туртиб чиқариб қўйишди. Такси ҳайдовчисини бундай қилишга ҳаққи йўқ эди. Буларга таксист мени шундай қилди деб айтолмайманда», — деган у.
Видеога олаётган киши милиция ёш қизни қабул қилмаётганини тасдиқлаб, бинога киришга ҳаракат қилиб, қўнғироқни бир неча марта босган. Бироқ ходимлар эшикни очмаган.
Ўш шаҳар милицияси нима дейди?
Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси видеодаги қиз 2 октябрга ўтар кечаси мурожаат қилганини тасдиқлади. Милициядан қизнинг аризаси электрон журналга рўйхатга олинганини таъкидлашди.
«Ўш шаҳрида доимий яшаш жойи йўқ, Жалолобод вилоятининг турғуни, таксист телефонини тортиб олиб, жинсий ҳаракатлар қилганини айтиб шикоят қилган. Тезкор тергов гуруҳи таксистни ва гувоҳни олиб келиб сўроқ қилган. Тергов ишлари давомида телефон қизнинг сумкасидан чиққан ва қизга пул зарур бўлгани аниқланган», — дейилади маълумотда.
Милициянинг маълумотида, ўсмир қиз «олдин бир неча марта милицияга ҳар хил одамларнинг устидан шикоят қилиб мурожаат қилгани, улар бўйича тегишли қарор қабул қилингани» айтилади.
«Ўсмир қиз Ўш шаҳар ИИБнинг вояга етмаганлар билан ишлаш нозирлари томонидан рейд вақтида бир неча марта қўлга олиниб, ижтимоий ҳимоя хизматига ўтказиб берилган», — дейилади маълумотда.
Ўш шаҳар ИИБи қизнинг охирги аризаси бўйича «тергов давом этиб, ўсмир ва гувоҳларнинг маълумоти ҳар томонлама текширилади» деб таъкидлашди. Шунингдек, ижтимоий муҳофаза хизматлари билан бирга иш олиб борилишини қўшимча қилишди.
Ўш шаҳар ижтимоий муҳофаза хизматининг вакили «Клооп»га милиция ўсмир қизни бунгача уларга ўтказиб берганини тасдиқлаб, «Лотос» болалар уйига жойлаштиришганини айтди. У қизни болалар уйидан қочганини аниқлашаётганини айтиб, кейин маълумот беришини билдирди.