Сурат: Октябрь туман ИИБ«Эмаком» директори турғунларни 27 млн 92,5 минг сомга алдаган деб гумонланмоқда. Бу ҳақда «Клооп» 2 октябрда Октябрь туман ИИБдан билдиришди.
Маълумотга кўра, милицияга 27 сентябрда Бишкек шаҳри турғуни ариза ёзган. Унда 2020 йилнинг 11 августида шаҳардаги қурилиш компанияларидан бирининг директори Фучик кўчасида қурилаётган кўп қаватли уйдан 2 хонали квартира беришни ваъда қилиб, 1 млн 921,8 минг сом олиб, алдаб кетганини билдирган.
Мазкур факт бўйича, «Йирик миқдордаги фирибгарлик» моддаси асосида жиноят иши қўзғалиб, қурилиш компаниянинг 32 ёшли директори қўлга олинди. Унинг шу каби яна бошқа жиноятларга алоқаси борлиги қўшимча қилинди.
Ҳозирда гумондор №1 тергов қамоғига икки ойга қамоққа олинди. Тергов ишлари давом этмоқда.
Милиция гумондорнинг жиноий ҳаракатларидан жабрланган фуқаролар бўлса, қўйидаги рақамларга мурожаат қилишни сўрайди: 0505 106 565; 0500 030 200; 0701 002 688.
Бунга қадар, 7 сентябрда «Эмаком» қурилиш компаниясига пулини тўлаган, бироқ уйларини ололмаётган ҳиссадорларнинг масаласи парламент йиғилишида кўтарилган.
Унда Бишкекнинг Шарқий-5 туманида қурилиши кераклиги айтилган уй солинмай, ишхонага пулини тўлаган турғунлар уйини ҳам, пулини ҳам ола олмаётгани маълум бўлган.
Компаниянинг асосчиси эса, Жогорку Кенеш депутати Эмилбек Жусупов «унга қадар ишхонани бошқаларга ўтказиб берганини, алданган ҳиссадорларга алоқаси йўқ эканини» айтган.
Муаллиф: Фатима Нурғази қизи