Акилбек Жапаров: 12 октябрда Путиннинг Қирғизистонга келиши кутилмоқда

212

30 сентябрда Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров Россия президенти Владимир Путин Қирғизистонга хизмат сафари билан 12 октябрда келиши кутилаётганини билдирди.

Бунгача РИА Новости нашри рус лидерининг матбуот котиби Дмитрий Песковга таяниб, Путин Беларус президенти Александр Лукашенко билан учрашиш учун Қирғизистонга 15 октябрда келишини ёзган.

«12 октябрда Россия президенти Владимир Путиннинг давлат ташрифи, 13 октябрда МДҲ давлат раҳбарларининг саммити, 25 октябрда МДҲ ва ШҲТга аъзо давлатларнинг бош вазирларини йиғини бўлиши кутилмоқда», — деган Жапаров Вазирлар Маҳкамаси йиғинида.

Путин Қирғизистонга келиши ҳақида 2023 йилнинг майида маълум бўлган. Уни президент Садир Жапаров чақирган, бироқ қачон келиши айтилган эмас.

Охирги марта Путин Қирғизистонга 2022 йилнинг декабрида — рус армияси Украинага тўлиқ масштабли ҳужумни бошлагандан тўққиз ой ўтиб келган.

2023 йилнинг мартида Гаагадаги халқаро жиноят суди Украинага қарши ҳарбий жиноятлари учун Путинни қамоққа олиш бўйича ордер чиқарган. Бу агар Путин Рим мақомини ратификациялаган давлатга борса, қўлга олиниши кераклигини англатади.

Халқаро жиноят судининг қонунийлигини Европа иттифоқидаги давлатлар, жанубий Африка, айрим Африка давлатлари ҳамда Тожикистон ва Афғонистонни қўшганда 123 давлат тан олади. Рим мақомига АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Исроил, Туркия ва Эрон имзо қўймаган.

Қирғизистон халқаро жиноят судининг Рим мақомига 1998 йилнинг 8 декабрида қўл қўйган, бироқ ратификациядан ўтказган эмас. Бу Путин Қирғизистонга келса, у қамоққа олинмаслигини билдиради.

2022 йилнинг 24 февралида рус армияси Украинага кенг кўламли ҳужумни бошлаган. Украина ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар ҳамон давом этмоқда.

БМТнинг 11 сентябрдаги маълумотига кўра, Россия ҳужуми сабаб Украинада энг камида 9 614 тинч аҳоли қурбон бўлган. Яна 17 мингдан ортиқ одам яраланган. Бироқ ташкилот ҳалок бўлганларнинг сони анча кўп бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Бу ҳақда украин ҳукумати ҳам айтади.

Россиянинг Украинага ҳужумини бир қатори давлатлар айблаган, ғарб давлатлари эса Россияга нисбатан санкциялар киритган.

Шунингдек, ғарб давлатлари Россияга кўмаклашган давлатларга иккинчи босқичдаги санкциялар солиниши ҳақида бир неча марта огоҳлантирган. Бу рўйхатга биринчилардан бўлиб Беларус кирган. Александр Лукашенко Путинни тўлиқ қўллайди, қолаверса, Украинага ҳужум қилиш учун ўз ўлкасидаги ҳудудни берган.