Прокурор 700 минг долларни букмекерга ютқазгани ҳақидаги маълумот парламентда кўтарилди

269

Жогорку Кенешнинг 28 сентябрдаги йиғинида депутат Шайлообек Атазов жиноий иш бўйича келтирилган зарар ҳисобидан тушган «700 минг долларни букмекер конторага ютқазиб юборгани» айтилган Бош прокуратуранинг ходими ҳақидаги масалани кўтарди.

«Бош прокуратурада 700 минг долларни истаган вақтда олиб, ўйнаб-ўйнаб ўрнига қўйиб қўйган [ходим] ҳақида кеча биров фейсбукка “кейинги ўйнаганингда муваффақиятга эришишингни хоҳлаймиз” деб ёзишмоқда. Биз ишонган орган ўйин ўйнаб, пулни йўқотиб юборган бўлса келиб маълумот берсин», — деди Атазов.

22 сентябрь куни «Апрель ТВ» нашри ўз манбаларига таяниб, бош прокуратуранинг тергов бошқармаси бошчиси Рустам Абдрасулов жиноят иши далилий ашё қатори олинган 700 минг доллар пулни қимор ўйинига сарфлаб юборганини ёзган. Нашрдан бош прокуратура мазкур фактни август ойида аниқлаб, аммо буни яшириб келишганини билдиришган.

Шунингдек, нашр Абдрасулов Бишкек гарнизонининг жазо ўташ жойида (гауптвахта) қўлга олинганини ёзган.

23 сентябрда Бош прокуратура тарқатган расмий маълумотда 21 сентябрда жиноят ишлари бўйича келтирилган зарар ҳисобидан тушган маблағни инвентаризациялашда Рустам Абдрасуловда кўп миқдорда пул етмай қолгани айтилган. Ўша куни Ҳарбий прокуратура бу факт бўйича жиноий иш қўзғаб, Абдрасулов қўлга олинган.

Бош прокуратурадан Абдрасулов бу «пулни тўлиқ қайтариб берди» деб ишонтиришган. Шунингдек, пул жисмоний шахсга тегишли бўлганини, давлатга зарар келтирилмаганини қўшимча қилишган.

Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда