Бош прокуратура прокурор казинога 700 минг доллар ютқазди деган маълумотни рад этди

217

Бош прокуратура 762 минг доллар йўқолди деган иш бўйича маълумот берди. Аввалроқ бир қанча оммавий ахборот воситалари прокуратура ходимлари жиноят ишларининг бири бўйича далил сифатида сақланган пулни казинода ютқазиб юборганини ёзишган.

Бироқ назорат органи бу маълумотни рад этди.

Бош прокуратура қалбаки ҳужжатлар асосида 1 млрд 478 млн рубль пулни чиқариб кетиш факти бўйича тижорий банкларнинг бирини масъул ходимларига ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимларига нисбатан қўзғалган жиноят иши тергов қилинаётганини айтди. ОАВнинг маълумоти бўйича сўз «Керемет банк» ҳақида бормоқда.

Бош прокуратура кўрилган чоралар асосида айбланувчилардан 20 млн доллар ундириб, уни жабрланганларга, аниқроғи россиялик тадбиркорга қайтариб берган.

Қолган 762 минг доллар жабрланувчиларга жума куни кечда қайтарилган. Ўша вақтда банкларнинг иш вақти тугаб, ёпилиб қолгани сабаб юқорида кўрсатилган пул хизмат сейфида вақтинча сақлаб туриш учун бўлим бошчи Рустам Абдирасуловга ўтказиб берилган.

«Бироқ ҳафта бошида Абдирасулов 3 кун ишга чиқмагани сабаб инвентаризация олиб бориш ҳақида қарор қабул қилиниб, натижада унинг хизмат сейфида кўрсатилган пул йўқлиги аниқланган. Абдирасулов пулни ўзлаштирганликда гумонланиб, зудлик билан жиноят иши қўзғалган. Кўрилган чоралар асосида бош прокуратуранинг бўлим бошчиси гумондор қатори кўлга олинган. Эртасига Абдирасуловнинг яқинлари 762, 5 минг АҚШ долларини олиб келиб, терговга ўтказиб берган», — деб билдиришди бош прокуратурадан.

Назорат органи билдиришича, «Қирғиз республикасидаги кўнгилочар иши ҳақидаги» қонунга мувофиқ, қирғизистонликлар ўйин жойларининг мижози бўлолмайди.

«Шу сабаб прокуратура ходими казинога, қимор ўйинларига борган деган маълумот ҳақиқатга мос келмайди. Сабаби қимор ўйновчи жойларга боришга қонун томонидан тақиқ қўйилган, иккинчидан бундай катта пулни Рустам Абдирасулов казинода ютқазса, унда улар юқори айтилган суммани қайтариб бермасди», — деб билдирди бош прокуратура.

Шунингдек, муассаса қўзғалган жиноят иш асосида тергов ишлари бораётганини, Рустам Абдирасулов қамоқда эканини қўшимча қилди.

Прокуратура ходими Рустам Абдирасулов қўлга олингани ҳақида 22 сентябрда маълум бўлган. Бир қанча ОАВ ўз манбаларига таяниб, прокурор жиноят ишида далилий ашё қатори олинган 700 минг доллар пулни қимор ўйинларига сарфлаб юборганини ёзишган.

23 сентябрда Бош прокуратура бу бўйича изоҳ бериб, «21 сентябрда жиноят ишлари бўйича келтирилган зарар ҳисобига тушган маблағни инвентаризациялашда Рустам Абдирасуловдаги катта миқдордаги пул кам бўлаётганини» билдирган. Ўша куни Ҳарбий прокуратура бу факт бўйича жиноий иш қўзғаб, Абдрасулов қамалган.

Маълумотда Абдрасулов бу «пулни тўлиғи билан қайтариб берганини», давлатга зарар келтирмагани айтилган.