Ички ишлар вазирининг ўринбосари Октябрь Урмамбетов Қирғизистонда 2023 йилнинг саккиз ойида оиладаги зўравонликнинг 8 512 ҳолати рўйхатга олинганини билдирди. Бу маълумотларни у Жогорку Кенешнинг 27 сентябрдаги йиғинида айтди.
«Таъкидлаб ўтсак, ИИВда тузилган кўчма пунктлардаги милиция ходимлари жой-жойларга бориб ўзлари аниқлаган. Бундан ташқари, 3500 камера ўрнатилган, бу камералар асосида аниқлаяпмиз», — деди у.
Урмамбетов билдиришича, рўйхатга олинган оиладаги зўравонлик ҳолатлари 2022 йилга қараганда кўпайган.
«Яна бизга етмаган маълумотлар бор оилавий зўравонлик бўйича. Очиғини айтиш керак. Аммо биз Ички ишлар вазирлиги бугунги кунда ҳар бир маълумотни, ОАВга чиққан бирор бир фактлар бўлса, ҳаммасини Ички ишлар вазирлиги аниқлаб, чора кўряпмиз. Оилавий зўравонлик бугунги кунда энг муҳим мавзу», — деб таъкидлади вазирнинг ўринбосари.
Қирғизистонда оиладаги зўравонлик
Оиладаги зўравонлик — ўлкадаги энг муҳим ва энг долзарб масалалардан бири. Бош прокуратуранинг расмий маълумотларига кўра, 2022 йили ўлкада оилавий зўравонликнинг 9 880 факти рўйхатга олинган.
2021 йили Қирғизистон дунёдаги аёлларнинг фаровонлиги ва хавфсизлиги бўйича глобал индексда 97-ўринни олиб, Марказий Осиё минтақасида аёллар учун энг хавфли давлат деб топилган.
Оиладаги зўравонлик муаммоси Чуй вилоятининг Селекция қишлоғида бўлган воқеадан кейин яна қизғин муҳокама қилина бошлади. 20 сентябрда мазкур қишлоқда милиция ажрашиб кетган аёлини хўрлашда гумон қилнган кишини қўлга олган.
Гумондор жабрланувчининг қулоқ-бурнини, юзини кесиб юборган. Шифокорлар аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун саккиз соатга яқин операция қилишган, ҳозирда у касалхонада. У яна бир неча марта операция қилиниши керак.
Бу воқеа милиция ва судьяларнинг ишига нисбатан танқидни кучайтирган. Жабрланувчи ажрашиб кетган эри келиб зўрлаётганини айтиб, милицияга икки марта мурожаат қилгани маълум бўлган. Чуй вилоят ИИБи биринчисида жабрланган аёл аризасини қайтариб олгани учун суд текширувни тўхтатганини билдирган.
Бироқ жабрланувчининг синглиси бу маълумотни инкор қилмоқда. Иккинчисида суд айбланувчини пробация назоратига чиқарган. Олий суд судьянинг ҳаракатига тегишли баҳо беришини билдирган.
ИИВ ўз навбатида муассаса бошчиси Улан Ниязбеков «жиноят ишини объектив ва ҳар томонлама текширишга кафолат бериш учун» бу ишни ўз назоратига олганини билдирган.