Президентнинг матбуот котиби «ёмон фикрлилар» учун қамоқда ўринлар етарли эканини билдирди

196

Президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев Фейсбукдаги саҳифаси орқали «ҳаром ўйларини амалга ошираман» деганларга мурожаат қилди.  Мурожаатда у ҳозир Қирғизистонда «даҳлсизлар» йўқ ва кимда ким жиноят қилса албатта жавобгарликка тортилади деб билдирди.

Султанбаев мурожаатида «ҳаром ўйли бир фуқаро» қўлга олинганини айтди. Унинг айтишича, қўлга олинган киши ўзи бизнесмен, у инвесторларни юқори лавозимдаги амалдорлар билан алоқаси борлигини айтиб қўрқитиб, қолаверса «йўқ қиламан» деб, улардан катта миқдорда пул талаб қилган. ИИВнинг маълумотига кўра, гумондор чет ўлкалик фуқародан 200 минг доллар талаб қилган.

Пул талаб қилишда гумонланиб қўлга олинган шахс. Сурат: ИИВнинг матбуот хизмати.

Бироқ, Султанбаевнинг билдиришича, бу маълумот президент Садир Жапаровга ҳам етиб, давлат раҳбари текшириш топшириғини берган. Натижада бу одам қўлга олиниб, қамалди. Гумондорга нисбатан «Пул талаб қилиш» моддаси билан жиноят иши қўзғалган.

«Президент Жапаров ҳам бир марта Қирғизистонда "даҳлсизлар" йўқлиги ҳақида огоҳлантирган. Ўлкада кимда-ким инвесторларни юқори даражадаги лавозимлари билан қўрқитиб, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилса, инвесторларни шахсий манфаати учун фойдаланиб, улардан ноқонуний пул талаб қилса — зудлик билан қамалади. Давлат раҳбарини адаштирамиз ёки у ҳеч нарса билмай қолади" деганлар бўлса, қаттиқ янглишади», — деб огоҳлантирди у.

Султанбаев президент МХДҚ, ИИВ ва бошқа ўз манбалардан тезкор маълумотларни олиб туришини ҳам таъкидлади.

«Ҳозирда давлат раҳбарида яна кимлардир "юқори мансаблари" остида инвесторларни қўрқитиш, пул талаб қилиш билан шуғулланаётгани ҳақида маълумоти бор. Ҳаром ўйларини амалга ошираман деганлар учун қамоқда жой етарли», — деб сўзини якунлади президентнинг матбуот котиби.

Аввалроқ президент ўзи ҳам коррупцияга гумонланиб қўлга олинган укаси Улан Жапаров бўйича изоҳ бериб, «ҳозир замон бошқа, ҳаммага бир хил муносабатда бўлади» деб таъкидлаган.