«Халқдан халққа ёрдам». Боткенда муҳожирлар ҳайрия дўконини очди

208

Боткен шаҳрида қирғизистонлик муҳожирлар «Халқдан халққа ёрдам» ҳайрия дўконини очди. Дўконда муҳтож турғунларга бепул озиқ-овқат берилади. Бу ҳақда 22 сентябрда вилоят маъмуриятидан билдиришди.

Маълумотга кўра, дўкон очилгандан бери 200 кишига ёрдам берган. Бу ташаббусни Боткен шаҳрининг турғунлари Жумабай Шакиров, Дамира Шакирова ва Айбек Надиров кўтариб, Россияда ишлаган қирғизистонлик муҳожирлар қўллашган. Улар дўконни молиялаш учун махсус банк ҳисоби очиб, ҳар ойда пўл ўтказиб туришга келишишган.

Сурат: Боткен вилоят маъмурияти

«Тўпланган пулга кундалик ҳаётда керак бўладиган асосий озиқ-овқатлар олиниб, дўконга қўйилади. Имконияти чекланган фуқаролар, ёлғиз оналар ва яшаш шароити оғир оилалар келиб озиқ-овқат олиб кетса бўлади», — дейилади маълумотда.

Вилоят маъмуриятидан бу ташаббусни АҚШда яшаган қирғизистонлик муҳожирлар ва ёрдамга қодир бўлган маҳаллий турғунлар қўллаб, кўмаклашишини истаган фуқароларнинг сони кўпайганини айтишди.

Дўкон ташкилотчилари турғунларнинг муҳтожлигини аниқлашда маҳаллий ҳукумат органлари томонидан берилган рўйхат асосида иш олиб боришади.

«Халқдан халққа ёрдам» ҳайрия дўкони ҳафтада тўрт кун — душанба, чоршанба, жума ва шанба кунлари соат 11:00дан 16:00гача ишлайди. Манзил: Боткен шаҳри, Самат Сидиков кўчаси.

Дўконга ёрдам беришни истаганлар +796 29 530 231 WhatsApp рақами орқали боғланса бўлади.