Айгул Жапарованинг фонди Хитой элчилигидан 9 млрд сом олгани бўйича маълумотни рад этди

188

Биринчи хоним Айгул Жапарованинг «Эне-балага тирек» жамоат фонди Temirov Live жамоасининг суриштирувига изоҳ берди. Бунгача журналистлар Солиқ хизматининг ҳисоботи асосида видео чиқаришган. Улар фонд 2022 йили Хитойнинг Қирғизистондаги элчилигидан 9 млрд сом олганини айтишган.

«Эне-балага тирек» фонди бу ҳақиқатга мос келмаган маълумотлигини, фонд элчиликдан 9 млн 267 минг сом олганини билдирди. Бу пуллар фонд билдиришича, Боткен вилоятидаги ижтимоий лойиҳаларга, қандолат ва тикувчилик цехларини очишга, мактаблар учун замонавий интерактив доскалар олишга сарфланган.

Фонд Чакмак Мемет номли фуқародан 563 млн сом ва «Ас-Сафа Борбору» фондидан 1,3 млрд сом олмаганини ҳам билдирди. Уларнинг маълумотига кўра, «Эне-балага тирек» фонди 2022 йили ногирон одамларга коляска сотиб олиш учун бу одамдан 563 минг 610 сом ва «Ас-Сафа Борбору» фондидан 1 млн 315 минг 250 сом олган.

«Шу сабаб айрим ахборот ресурсларида тарқалаётган миллардлик пуллар ҳақида билдирувлар ҳақиқатга мос келмаслигини маълум қиламиз. Суриштирув тайёрлаганлар иккинчи томоннинг фикрини ҳисобга олиб, аниқлик киритмаган. Биз қизиққан оммавий ахборот воситаларига бу сонлар ҳақида маълумотни кўрсатиб, тушунтиришга тайёрмиз», — деб билдиришди Айгул Жапарованинг фондидан.

Аввалроқ Солиқ хизматидан «Клооп»га фонднинг ҳисоботида кўрсатилган рақамлардаги фарқлар бўйича изоҳ бериб, бухгалтер ташкилот ҳақида тўлиқ маълумот йиғаётганда «адашган бўлиши мумкин» деган. Солиқ хизмати бухгалтер электрон бланк бурчидаги «минг сом» деган ёзувни кўрмай қолиб, таблицага охирги уч сонни олмай реал сонни киритиб қўйган деб тахмин қилган.