Жогорку Кенешнинг Ижтимоий сиёсат бўйича қўмитаси 18 сентябрда «Сиёсий ва диний ишонч учун, ижтимоий, миллий ва бошқа белгилари бўйича таъқибдан жабрланиб оқланган фуқароларнинг ҳуқуқи ва кафолатлари ҳақидаги», «Қирғиз республикасининг миллий архив фонди ҳақидаги» қонунларига таклиф қилинган ўзгартиришларга қараб, биринчи ўқишда маъқуллади.
Қонун лойиҳасини депутатлар Жанар Акаев, Нурланбек Шакиев, Чолпон Султанбекова ва Мирлан Самийкожо ишлаб чиққан.
Улар амалдаги қонунга янги моддани киритишни таклиф қилишмоқда. Унга кўра, Қирғизистон ҳудудида 1961 йилгача қўлланилган РСФСРнинг жиноят кодексининг 1922 ва 1926 йиллардаги айрим моддалари бўйича судланганлар сиёсий репрессияларга учраганлар бўлиб ҳисобланади.
Шунингдек, қонун лойиҳаси бўйича, «Қизил террор ҳақидаги» қарорнинг асосида қабул қилинган ҳукуматнинг қонунлари, босмачиликка қарши курашиш масалалари бўйича кўрсатмалар, давлатнинг жиноятлар ва қулоқликка қарши курашиш ҳақидаги қонунлари, ҳамда СССР ҳукумати томонидан қабул қилинган бир қатор бошқа сиёсий репрессияларнинг белгилари бўлиб саналади.
Қонун лойиҳасининг асосномасида ҳужжат 1918-1953 йиллари сиёсий ва диний ишонч учун, ижтимоий, миллий ва бошқа белгилари бўйича таъқибдан жабрланган фуқароларни реабилитациялаш мақсадини кўзлаши айтилган.
«СССР тарқаб, Қирғиз республикаси мустақил бўлгандан бошлаб сиёсий репрессияларнинг қурбонларига айланган фуқароларни, айниқса “қизил террор” (1918-1924 йиллар) ва сталин репрессиялари (1929-1953 йиллар) вақтидаги воқеаларни тушуниш ва уларга сиёсий баҳо бериш вақти келган. Аммо XX асрнинг иккинчи ярмидаги ва XXI асрнинг бошидаги турли жиноятлар учун адолатсиз ва ёлғон айбланган минглаган совет фуқароларига турли вақтлардаги турли интенсив равишда прокуратура ва судлар орқали реабилитациялашга эришишга тўлиқ имкон бўлмаяпти», — дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, депутатлар репрессияланган одамларни реабилитациялашнинг янги тартибини аниқлаш учун Фанлар академиясининг тарих, археология ва этнография институти қошида комиссия тузиш таклиф қилинмоқда. Унга олимлар, нодавлат ташкилотлари, Ҳақиқатчи институти, прокуратура, ИИВ ва МХДҚ органлари, уларнинг орасида давлат архиви вакиллари кириши керак. Комиссия таркиби Жогорку Кенешнинг қарори билан тасдиқланади.
Депутат Жанар Акаевнинг айтишича, репрессияланганларга нисбатан қонун томонидан ноқонуний деб топилган ҳар бир қарорни суд-прокурорларнинг назорати орқали амалга оширмай, ҳар бир одамнинг ишини алоҳида кўриб чиқиш билан комиссиявий тартибда амалга ошириш таклиф қилинмоқда.
Депутат бу «судланган, ҳайдалган ёки ҳайдаб юборилган, мулкидан ва уйидан айрилган, ҳуқуқий томондан бошқа зўравонликларга учраган сиёсий репрессияларнинг қурбонларини яхши номини тиклашга имкон беради» дейди.
Турли манбаларнинг маълумотига кўра. 1937-38 йиллари кучайган репрессиялар вақтида Қирғизистонда 20 мингдан 40 мингга яқин одам отувга ҳукм қилинган.