Иссиқкўл вилоятида атроф-муҳитга зарар келтирганларга 3,6 млн сомдан ортиқ 57 даъво қўйилиб, қарийб 1 млн 140 минг сом ундирилди. Бу ҳақда 13 сентябрда Табиий ресурслар, экология ва техника назорат вазирлигидан билдиришди.
Маълумотга кўра, ундирилган пулларнинг 300 минг сомдан ортиғи тадбиркорлик субъектларидаги тозаловчи қурилмаларни самарасиз ишлатганлардан олинди.
Бундан ташқари қўл ҳудудида табиатни муҳофаза қилиш бўйича қонун талабларига риоя қилмаганларга 822 минг 500 сом маъмурий жарима солиниб, унинг 627 минг сомдан ортиғи ундирилди.
Ноқонуний балиқ овлашга қарши ўтказилган рейд натижасида кўлдан 35 минг 600 метр синтетик тўр чиқарилди ва йўқ қилинди.
Аввалроқ, август ойи бошида ижтимоий тармоқларда Иссиқкўл устида ёқилғи мойи қалқиган сурат тарқалган. Экология вазирлиги қора мойга алоқадор скутер эгасини топиб, 10 минг сом жаримага тортган.
ФВВ ғаввослари бўлса жорий йилнинг март ойидан бошлаб кўл тубини тозалашга киришган – беш ой давомида кўлдан 13,5 тонна чиқинди ва 98 минг метр балиқ овлаш тўрлари олиб чиқилган.
Экологлар «агарда Иссиқкўлдаги экологик муаммолар шундай тарзда ўсаверса, 2050 йили кўл ботқоқликка айлана бошлаши мумкин» деб хавотирланишмоқда. Президент бўлса қирғизистонликларни бир неча марта Иссиқкўлни ифлослантирмай, тоза сақлашга чақирган.
Муаллиф: Айдана Айбек қизи