Қирғизистонда болалар ўртасида кўпайиб бораётган қизамиқ ва қизилча билан курашиш ташаббуси доирасида касалликка қарши 755,5 минг доза вакцина олиб келинди. Бу ҳақда 12 сентябрда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Маълумотга кўра, вакциналарни ўтказиб бериш бўйича тадбирда вазирлик, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСEФ вакиллари иштирок этди.
Қизилча-қизамиқ вақцинаси — бу қизамиқ ва қизилчага қарши жонли лиофилизацияланган (қуруқ) аралаш вакцина. Бу вакцина билан 9 ойдан 7 ёшгача бўлган болалар эмланади. Иммунизация вақтинчалик эмлаш пункларида, соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва таълим муассасаларида ташкил этилади. Болаларни эмлаш 18 сентябрдан бошланади.
Йил бошидан буён 1982 киши қизамиқ билан касалланган бўлиб, улардан 147 нафари катталар ва 1835 нафари болалар, 1454 нафари 4 ёшгача бўлган болалар рўйхатга олинган. Вазирлик мамлакатда қизамиқ билан касалланганлар сони ортиб бораётгани муносабати билан болаларни эмлашга чақирган.
Беморларнинг аксарияти Ўш вилоятида – 635 киши, Бишкек шаҳрида – 485 киши, Ўш шаҳрида – 296 киши қайд этилган.