МХДҚ раиси Камчибек Ташиев Чуй вилоятига қарашли Новопокровка қишлоғида чегара хизматининг №2026 ва №2031 қисмлари ходимларига уйлар калитларини топширди. Бу ҳақда 12 сентябрда МХДҚ билдирди.
Маълумотга кўра, тадбирга чегара хизмати директори Уларбек Шаршеев ва Чуй вилоят маъмурияти, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва куч тизимлари вакиллари, ҳарбий қисм қўмондонлари ва шахсий таркиб, ҳарбий хизматчилар оилалари ва фаҳрийлар қатнашди.
Махсус хизматдан 36 хонадондан иборат уй ҳарбий шаҳарча ҳудудида қурилганини маълум қилишди. Уйнинг қурилиши давлат ғазнасидан ажратилган пул эвазига олиб борилган.
Янги турар-жой комплекси кўмир сақловчи омбори бор ўтхона, болалар майдончаси ва автотўхташ жойлари билан таъминланган. Шахсий лойиҳа бўйича қурилган уйдаги хонадонларнинг ўртача майдони 62-87 кв метрни ташкил қилади.
«Чегара соқчиларининг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш масаласи ҳар доим Қирғизистон президентининг эътиборида, шунингдек ҳарбий хизматчиларнинг хизмат қилиши учун ва уларнинг ҳаёт тарзини яхшилашга бутун давлат раҳбарлари томонидан зарур бўлган чоралар кўрилмоқда. Бунга бугунги тадбир яққол мисол бўлади», — деди Ташиев.
Чегара хизмати МХДҚ таркибида ишлайди. Ҳукумат куч ходимларига уйларни ва тизимлари учун биноларни қуриб келади.
Ўтган йили сентябрь ойининг бошида Ташиев ўлка бўйича МХДҚ учун 50га яқин янги бино қурилганини билдирган. Аммо шундан бери ҳукумат МХДҚ ва чегара хизматига деб яна бир неча объектларни очган.
Шу йилнинг май ойи охирида Ташиев МХДҚнинг янги маъмурий биноси қурилишига капсула солган.