Қирғизистонда коррупцияга алоқадор икки оила қуда-анда бўлди

1045
Иллюстрация: Джеймс О'Брайен

Қирғизистонлик собиқ амалдор Райимбек Матраимов ўзи миллионларни топишга кўмаклашган магнат Хабибулла Абдуқодир билан ҳеч қандай алоқам йўқ деб келган. Аслида эса халқ орасида иккиси контрабандадан фойда топишга ҳаракат қилгани айтилади. 2021 йили Матраимовнинг ўғли Абдуқодирнинг қизига уйланиб, икки оила қуда бўлишди.

«Қарсаклар билан келинимиз Аланурни кутиб олайлик!» — дейди тамада, тепа томондан чиқиб келаётган оқ кўйлакли қизга қараб. 

Экранда қизнинг исми ёниб, икки акаси билан залнинг ўртасига янги келин чиқиб келади. 

Кўп ўтмай тадбир давомида миллий бош кийим кийган қиз тўқ рангли костюм кийган ёш йигит томон юриб келади. Меҳмонлар ёшларни телефонга олишга ҳаракат қилади, қиз-йигит саҳнага чиқишади. Шунингдек, боланинг онаси келинга миллий услубдаги қизил нимча кийдиради. 

2021 йили июнда меҳмонларнинг бири шу дабдабали никоҳ тўйида олинган суратларни инстаграмга чиқарган. 

Бироқ Аланур ва куёв бола Бакай оддий ёшлардан эмас. 

Қизнинг отаси — магнат Хабибулла Абдуқодир. Унга узоқ йиллар давомида Қирғизистоннинг порахўр амалдорлари билан шартнома тузиб, яширин савдо монополиясини тузган деб айб қўйиб келинади: Марказий Осиёга катта миқдорда хитой товарларини шу одам ташиган бўлиши мумкин. 

Йигитнинг отаси — бир вақтлар Қирғизистоннинг божхона хизмати раисининг ўринбосари бўлган собиқ амалдор Райимбек Матраимов. Матраимов Абдуқодирнинг ҳамкори, унинг савдо схемасининг асосий ҳимоячиси бўлган. Аммо жиноий ҳаракати фош бўлганда коррупция қилганини тан олиб, АҚШнинг санкциявий рўйхатига кирган. 

Уулкан Тургунова (Бакайнинг онаси) Хабибула Абдукадирнинг қизи Аланурга миллий услубдаги қизил нимча кийдирмоқда. Сурат: Instagram

Иккисининг бир-бирига ўзаро фойда олиб келган алоқаси ҳақида кўплаган журналистик суриштирувларга қарамай, Матраимов Абдуқодирнинг оиласи билан борди-келдиси борлигини тан олмай келган. 

Бироқ яқинда журналистларнинг қўлига келган кадрларда, ҳозир бу иккисини фақат молиявий масала эмас, қариндошлик риштаси ҳам боғлагани маълум бўлди. Ижтимоий тармоқларга тарқаган видео лавҳаларда тўйда Хабибула Абдуқодир ўзи, Райимбек Матраимовнинг аёли Уулкан Тургунова, акаси — парламент депутати Искендер Матраимов ҳам юрганини кўриш мумкин. Абдуқодир ва Матраимовлар оиласининг таниқли вакилларини бирга тушган суратлари бунгача ҳеч қаерга қўйилмаган эди. 

Аланур билан Бакай, икки ёшнинг яқинлари никоҳ тўйда. Сурат: Instagram

Никоҳ тўйи дабдаба билан ўтган, тўй эгалари қанчалик нуфузли одамлар экани дарров сезилади. Марказий Осиёнинг менман деган хонандалари, мусиқий гуруҳлари меҳмонларнинг кўнглини олган. Уларнинг орасида ўша вақтдаги Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ибрагим Жунусов ҳам бор эди. У совет даврида машҳур бўлган «Ялла» гуруҳи билан куйлаган. 

Никоҳ тўйи бўлади деган миш-мишларни қирғизистонлик нашрлар бир неча ой олдин ёза бошлаган. Йилнинг охирида эса маҳаллий ОАВда янги маълумотлар пайдо бўлган. Искендер Матраимов укасининг никоҳ тўйи бўлганини тасдиқлашга мажбур бўлган. Аммо у келиннинг исмини очиқ айтмай, «оддий оиланинг» қизи деб билдирган. 

Изоҳ олиш учун Бакай Матраимов ва Аланур Хабибулла билан боғланишни имкони бўлмади. Райимбек Матраимов билан Хабибула Абдуқодир изоҳ бериш илтимосига жавоб беришмади. 

2019 йили «Клооп», OCCRP ва «Озодлик Радиоси» Хабибула Абдуқодирнинг Матраимов билан алоқасини аниқлашган. Мукофотларга эришган суриштирувларнинг серияси «Ипак йўлидаги контрабанда, коррупция ва кланлар» деб аталади. 

Журналистлар Матраимов божхонадаги ваколатидан фойдаланиб Абдуқодирга Хитойдан Марказий Осиёга чиққан муҳим савдо йўлида даромадли монополияни йўлга қўйишга кўмаклашганини аниқлашган. Эвазига «долья» олиб турган бўлиши мумкн. Суриштирувга Абдуқодирга юз миллионлаб долларларни яшириш ва тушган даромадини ғарбдаги банк ҳисобларига чиқариб туриш учун ёлланиб ишлаган одамнинг берган маълумотлари асос бўлган. 

Репортёрлар икки оиланинг ҳамкорлик алоқаларини ҳам аниқлашган: Матраимовнинг аёли Уулкан Турғунова Дубайдан ер олган. Турғунова Хабибула Абдуқодирнинг укаларидан бири Хадир Маймаитили билан биргаликда ерга уй қурган. Olive Residence деб номланган кўп хонадонли мажмуа 2021 йили қуриб битирилган. 2023 йилнинг май ойида турар-жой Абдуқодир оиласининг ҳамкорларига ўтган. 

Дубайдаги бу беш қаватли уй Абдуқодир ва Матраимовнинг оиласини боғлаб туради. Сурат: OCCRP

Абдуқодирнинг оиласи журналистларнинг билдирувларига аниқ жавоб бермаган. Ундан кейин Матраимов ҳам божхона хизматидан кетди. У ҳеч қандай қонунни бузмаганман деб такрорлаб, қолаверса журналистларни қоралади деб судга берган. Кейин журналистлар устидан ёзган аризасини қайтариб олган. 

2020 йили Матраимовларнинг шоҳона ҳаёти, божхона органлари билан алоқаси ва сиёсий таъсири ҳақида янги суриштирув чиқарилган. 

Қирғизистонда суриштиув чиққандан кейин бир неча митинг ўтган. 2020 йилнинг октябрида Матраимов қўллаган сиёсий партия парламент сайловида иккинчи ўринга чиққан. Ўлкада оммавий норозилилклар бошланиб, натижада  сайлов натижаси бекор қилиниб, давлатга янги ҳукумат келган. 

Бир неча ой ўтгандан кейин Матраимов коррупцияга аралашганини ва Хитойдан Марказий Осиёга қатнаган юк ташувчи машиналарни «божхона назоратидан ўтказишни тезлаштириб бергани учун ҳақ» олганини тан олган. Божхона хизматининг собиқ ходими қамалган эмас, аммо ғазнага келтирган зарарнинг ўрнини тўлдириш учун 24 миллион доллар ва 3000 доллар жарима тўлаган. 

Матраимовга чиққан ҳукмда схеманинг бенефициари Абдуқодир бўлгани айтилмаган. Аммо унда кўрсатилган маълумотлар, масалан божхона пункти билан вақт оралиғи, магнатнинг ҳақида аввалги суриштирувнинг маълумотлари билан мос келади. 

Матраимовлар билан Абдуқодирларнинг тадбиркорлик алоқаси давом этмоқда. 

Турғунова Дубайдаги Olive Residence комплексининг тўғрисидан уч миллион доллар бўлган яна бир ер участкасини сотиб олди. Хабибула Абдуқодир укаси Алимбек Полвон билан бу ерда 29 қаватли осмонўпар бино қурмоқда. 

Бу лойиҳа 2023 йили апрелда, Абдуқодир оиласи ҳақида сўнгги катта суриштирувнинг асосида, яна бошқа кўплаган лойиҳалар билан бирга аниқланган. «Абдуқодир: Марказий осиёдаги яширин инвестор» деб аталган лойиҳалар Абдуқодир билан унинг оиласининг йирик активлари билан инвестицияларига бағишлаган. 

Муаллифлар: Элдияр Арикбаев, Келли Блосс

Материални тайёрлашга «Клооп» ва Temirov Live қатнашди. 

OCCRP, «Клооп», «Власть» ҳамда Temirov LIVE