«Клооп» сайтини блоклаш: Маданият вазирлиги нашрнинг даъво аризасини рад этди

11 сентябрда Маданият вазирлиги «Клооп»нинг сайтини ёпиш қарорига қарши берган нашрнинг даъвосини рад этди. Бундай қарорни вазир ўринбосари Чингиз Эсенгул ўғли бошчилигидаги махсус комиссия қабул қилди.

«Клооп»нинг сайтини блоклаш бўйича вазирликдан аввалги қарори ҳамон кучда – бунга нашрнинг рус тилидаги «Сиёсатчи Равшан Жээнбеков қамоқда қийноққа солинганини маълум қилди» деган мақоласи асос бўлган.

Маданият вазирлигига мақола устидан МХДҚ шикоят қилган. Муассасанинг Ахборот сиёсат бошқармасининг бош мутахассиси Зарина Қалмуратованинг айтишича, махсус хизмат бу мақола «фейклар ҳақидаги қонунга зид ва МХДҚ обрўсига путур етказади» деб ҳисоблайди.

8 сентябрь куни «Клооп»га келиб тушган хатда мазкур материалда «ёлғон маълумот» борлиги айтилади. Қарорда айнан қайси маълумот ёлғон экани аниқланмаган.

Вазирлик «ёлғон маълумотни» икки иш куни ичида ўчиришни талаб қилган. Шу куни «Клооп»нинг юристлари қарорнинг устидан шикоят қилиб, қонунга кўра, суд ишлари бўйича фақат жавобгарлардан мақолани ўчириш ёки хулоса талаб қилинишини таъкидлашган.

Фейклар тўғрисидаги қонунга кўра, «Клооп» сайтини блоклаш ҳаракати аввалроқ ҳам бўлган. Февралда Маданият вазирлигига Жамиятни ривожлантириш ва инвестициялаш агентлиги (АРИС) ариза билан мурожаат қилган. Лекин, маълум вақтдан сўнг, АРИС сабабини тушунтирмасдан аризасини қайтариб олган.

28 августда Бишкек шаҳар прокуратураси «Клооп Медиа» жамоат фондини тугатиш бўйича даъво аризасини пойтахтнинг Октябрь ва Биринчи май туман судларига бергани маълум бўлган. Ҳужжатда даъвонинг сабаби сифатида — «белгиланган устав доирасидан ташқари фаолият юритаётгани» айтилган.

Шу вақтда ҳужжатнинг катта қисми бутунлай бошқа мавзуга бағишланган — «Клооп» мақолалари Қирғизистонга салбий таъсир кўрсатаётган эмиш.

Бироқ, «Медиа полиси институти» юристлари билан Қирғизистоннинг медиа ҳамжамияти шаҳар прокуратурасининг даъво аризасини «кучи йўқ» деб ҳисоблайди. Улар бир қатор халқаро ташкилотларнинг қаторида республиканинг расмийларига мурожаат қилиб « “Клооп”ни таъқиб қилишни тўхтатиш» ва даъво аризасини қайтариб олишга ундовчи билдирув билан чиқишган.

Ҳозирда «Клооп» ишини давом эттирмоқда, аммо ҳукумат сайтни истаган вақтида блоклаши мумкин. Агар шундай бўлса, мақолаларни сайтимизнинг кўзгу версиясидан ўқий оласиз:

https://storage.googleapis.com/qurium/ky.kloop.asia/index.html  

Бундан ташқари, сўнгги маълумотлардан хабардор бўлиб туриш учун ижтимоий тармоқлардаги саҳифамизга обуна бўлинг: