Вазир Новқат йўлини тўлиқ қурилиб битмагани бўйича тушунтириш берди

163

Ўш — Новқат — Раззаков халқаро аҳамиятга эга автойўлини таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда 9 сентябрда Транспорт ва коммуникациялар вазири Тилек Текебаев билдирди.

Унинг айтишича, энди йўлнинг икки томонида қурилиши режалаштирилган кўприклар солиниб, йўл четига лотоклар ўрнатилиб, тротуар қилинади. Бунгача кўрсатилган режа бўйича ёритиш тизимларини ўрнатиш ишлари олиб борилади.

Шунингдек, вазир халқаро мақомдаги йўлнинг интенсивлигини ҳисобга олиш билан юк кўтариш салоҳиятини ошириш мақсадида яна 6 сантиметр қалинликдаги асфальт босилишини айтди.

«Йўлнинг кичик қисмини видеога олиб, “тезда бузилди” деган фуқароларимизга изоҳлаб бермоқчиман. Қурилаётган йўлда пайдо бўлган майда камчиликлар бу оддий ҳолат. Йўл қуриш учун тузилган шартномада камчиликларни аниқлаш, уни бартараф қилиш учун махсус деффект вақти кўрсатилган. Аниқланган камчиликлар пудратчи томонидан бажарилади. Шунингдек, фойдаланишга топширилгандан кейин ҳам кафолат муддати бўлади. Бу қонунда ҳам кўрсатилган», — деди у.

Сентябрнинг бошида ижтимоий тармоқларда Ўш — Новқат — Раззаков йўли тўлиқ битмагани, йўлнинг айрим қисмлари бузила бошлагани тасвирга олинган видеолар тарқаган. Видеоларнинг бирини муаллифи «асфальт ботқоқнинг устига босилганини, беш кунда тўкилиб, беш жойида ўйилиб қолганини» айтган.

Ўш — Новқат — Раззаков йўлининг қурилиши

Халқаро мақомдаги Ўш — Новқат — Раззаков йўлини таъмирлаш ишлари шу йилнинг март ойида бошланган.

Таъмирлаш ишлари давлат ғазнасидан ажратилган маблағга «Кыргызавтожол» давлат ишхонаси томонидан таъмирланиб, иш икки томонда олиб борилган. Сентябрь ойигача умумий 13 чақирим йўлга 9 см қалинликда асфальт босилган.

Ўш — Боткен — Раззаков йўлининг Новқат туманидаги қисмининг 47 километрини таъмирлаш ишлари 2022 йили апрель ойида бошланиб, тендерни Япониятининг JICA ташкилоти ютган. Аммо йўлни таъмирлаш бўйича лойиҳа амалга ошмаган.

Шунингдек, йўл бўйига «ноқонуний чиқиб кетган» дейилган 132 қурилиш сурдирилиб, уларнинг орасида маҳаллийларнинг турар-жойлари, ҳовлилари, дўконлар ва ошхоналар бузилган.

Бироқ турғунлар қизил чизиқдан чиқди деб бузилган қурилишларнинг давлат актлари борлигини айтиб, турар-жойларини тиклаш учун компенсация тўлашни талаб қилишган. Қолаверса, турғунлар милиция томонидан қўрқитилганларини ҳам айтишган.