Бишкек шаҳрининг Биринчи Май туман суди фаол Зарина Торокуловани 30 октябргача қамоққа олди. Бу ҳақда 11 сентябрда мазкур суднинг матбуот хизмати билдирди.
Маълумотга кўра, МХДҚнинг терговчиси фаолни қамоққа олишни сўраган. 9 сентябрдаги суднинг қарорига кўра, Торокулова 30 октябргача махсус хизматнинг тергов қамоғида бўлади.
Фаолни МХДҚнинг ходимлари ушлаб кетгани ҳақида 11 сентябрда 24.kg нашри ўз манбаларига таяниб ёзди. Нашрнинг маълумотига кўра, унга «оммавий тартибсизлик» моддаси бўйича айб қўйилиб, қайси иш бўйича қўлга олингани айтилмаган.
Бунгача фаол фейсбук саҳифаси орқали ҳукуматнинг айрим ишларини танқид қилган.
23 июнда ёзувчи ва фаол Олжобай Шакир ТИЗО-1га икки ойга қамалган. Бунгача Шакир фейсбук саҳифаси орқали халқни Иссиқкўлдаги тўрт пансионатнинг Ўзбекистонга берилишига қарши 31 августда бўладиган тинчлик митингига чақирган. Шунингдек, ҳукуматни тез-тез танқид қилган.