Кара-Кеченинг кўмири сотилади. Вазирлик қарорини рад этди

164

Энергетика вазири Таалайбек Ибраев 11 сентябрдаги матбуот анжуманида Бишкекка Кара-Кече кўмири сотиш учун ташилишини билдирди.

«Бишкек ИЭМга 1 млн 200 минг тонна кўмир керак, унинг 600 минг тоннаси Қозоғистондан олиб келинади [...] Қозоғистоннинг кўмири одатда 30-35%ни ташкил қилади, қолган 70%ни доим “Кыргызкөмүр” олиб келади. [...] Бу вариант билан ишлашни давом эттирамиз. Тутун билан курашиш масаласи асосида [Кара-кече кўмирини тақиқлаш бўйича] муҳокамалар бўлган. Аммо бундай имконият йўқлигини айтганмиз. Ҳозирда Балиқчидаги омборда 468 минг тонна кўмир тайёр туради. Бу кўмир Бишкек шаҳрига ва Чуй вилоятига олиб келинади», — деди у.

У бу йил кўмирнинг нархи тоннасига 4,5-5 минг сом бўлишини қўшимча қилди.

5 сентябрда энергетика вазирининг ўринбосари Таалайбек Байгазиев Бишкекка кўмир олиб келиб сотиш тақиқланишини билдирган. У бу қарор тутунни камайтириш мақсадида қабул қилинганини айтган. Унинг билдиришича, Кара-Кеченинг кўмири тақиқланса, оз бўлса ҳам тутун миқдори камаяди.

Кўп ўтмай Байгазиевнинг сўзларини депутат Тазабек Икрамов танқид қилган. У агар маҳаллий кўмир тақиқланса шаҳар яшовчилари Кара-Кеченикидан ҳам (тоннаси 4500-5000 сом) қиммат бўлган қозоқ кўмирини (бир тоннасини 6000 сом) сотиб олишга мажбур бўлишини билдирган. Депутат Энергетика вазирлигининг ҳаракатини «халқни очиқ тўнаш» деб атаб, бу қарорларнинг ортида кимнингдир «шахсий манфаатлар бўлиши мумкин» деб тахмин қилган.