Қамоқдаги сиёсатчи Азимбек Бекназаровнинг фейсбук саҳифаси орқали «ёлғон маълумот тарқатишда» айбланган Нишанбай Иманкулов 25 сентябргача қамоққа олинди. Бу ҳақда «Клооп»га 8 сентябрда Жалолобод вилоят судидан билдиришди.
Маълумотга кўра, Иманкулов МХДҚнинг Жалолобод шаҳар бошқармасидаги тергов қамоқда сақланмоқда.
Иманкуловнинг қўлга олингани ҳақида 5 сентябрда маълум бўлган. 25 ёшли йигит Кампиробод иши бўйича қамоқдаги сиёсатчи Азимбек Бекназаровнинг ижтимоий саҳифаси орқали «жамоат-сиёсий вазиятни кескинлаштириб, оммавий тартибсизлик уюштириш учун нотўғри маълумотлар тарқатган» деб айтилмоқда.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалган Жалолобод шаҳар судининг қарори экани айтилган ҳужжатнинг сурати чиқарилган. Унда Иманкуловга «Ҳукуматни куч билан босиб олишга очиқ чақириқлар» моддаси асосида жиноят иши қўзғалиб, уйини тинтув қилишга рухсат берилгани ёзилган.
5 сентябрда Бекназаровнинг ўғли Руслан Бекназаров МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиевга Нишанбаевнинг айби йўқлигини, фейсбукдаги «Азимбек Бекназаров» номли саҳифадан тарқалган билдирувлар отасига тегишли эканини айтган.
«МХДҚнинг ходимлари Нишанбай Иманкулов деган укамни айблаб олиб кетишди. Фейсбукдаги Азимбек Бекназаров аккаунти отамнинг ўзига тегишли. У фейк аккаунт эмас. Ундан чиққан материалларнинг ҳар бирини қўлёзмаси ҳам бор. Отам бу қўлёзмалар, чиқарилаётган постлар унга тегишли эканидан тонмайди», — деб билдирган Бекназаров.
6 сентябрда, «Азимбек Бекназаров» фейсбук саҳифасига маълумот қўйилиб, унда ҳам Иманкуловнинг бу аккаунтга алоқаси йўқлиги ёзилган.
Кампиробод иши
2022 йилнинг октябрида Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 30га яқин фаол ва сиёсатчи қўлга олинган. Куч органлари уларга «Оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўрган» деб айб қўйишган.
Уларнинг кўпи асоссиз қамалганини айтиб, очлик эълон қилиб, ноябрда бошланган акция декабрнинг охиригача давом этган. Айримлари суд мажлисларида ҳушини йўқотса, бошқалари аҳволи оғирлашиб кетгани учун касалхонага ётқизилган.
Қўлга олинганларнинг бари Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтишини очиқ танқид қилишган, улар шу очиқ айтган сўзлари ўзларини қамоққа олишга асос бўлган дейишади.
Фаол, сиёсатчиларни қўлга олинишини бир қанча депутатлар айблаб, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Қирғизистон ҳукуматидан қўлга олинганларнинг барчасини озод қилишга чақирган.