Бишкек мэрияси автобус етишмаслиги сабаб маршруткаларни айрим йўналишларга яна чиқарди. Бу ҳақда муниципалитетга таяниб, «Кактус. Медиа» ёзди.
Сўз 100, 105, 152, 195 ва 212 рақамлари билан қатнаган маршрут таксилари ҳақида бормоқда.
«Янги қатновлар ишга тушган дастлабки кунларда камчиликлар бўлган. Бугунги кунда вазиятни изга солиб, қатновларни тўлиқлаш ишлари бормоқда. Шунингдек, автобус қатновлари тўлиқ бўлгунча кичик автобусларни вақтинча ишга тушириш қарори қабул қилинди», — деб билдиришди мэриядан.
Вице-мэр вазифасини бажарувчи Максатбек Сазикуловнинг айтишича, бу маршурткалар қатновга чиққани билан оз миқдорда ишламоқда.
«Бу 5 маршрут линиясида 167 кичик автобус бўлган. Улар 122 автобус билан алмаштирилган. Бироқ фуқаролар автобуслар етишмаслигини ва уларни кўп вақт кутиб қолишаётганини айтиб шикоят қилишган. Шу сабаб ҳозирча кичик автобусларни ололмаймиз. 167 кичик автобус орасидан 15 фоизи ишламоқда. Керакли миқдорда автобус келмагунча кичик автобуслар ишлаб туради. Бироқ барча кичик автобуслар линиядан олинадиган вақт келади», — деди Сазикулов AKIpress’га берган интервьюсида.
31 августда мэрия шаҳар кўчаларига 200 янги автобус чиққанини билдирган. Улар № 15, 51 ва 52 янги очилган маршрутларда, аввалги №100, №105, №152, №195, №212 маршрутларда қатнашмоқда.
Муниципалитет 2023 йили сотиб олинган 1000 автобуснинг қолганини шаҳар кўчаларига чиқаришни ваъда қилган.