Суд гўдак фарзанди жонлантириш бўлимида ётган аёлни қамоққа олди

105

Ўш шаҳар суди 31 августда 32 ёшли Айганиш Кокчоевани қамоққа олди. Қарор аёлнинг жонлантириш бўлимида ётган боласи борлигига қарамай чиқарилган. Қамоқдаги аёлнинг онаси Нуржамал Исакбаева, қизи муддатидан олдин кўзёриб, бола чала туғилиб қолганини айтди. Шу сабаб бола сунъий нафас берувчи аппаратга уланиб, жонлантиришда онасига муҳтож бўлиб ётибди.

Милиция Кокчоева катта миқдордаги фирибгарликда гумонланаётганини ва аёл ўлкадан қочиб чиқиб кетишга ҳаракат қилган деб билдирмоқда. Милиция Кокчоеванинг онасини мурожаатини «қизини жиноий жавобгарликдан қутқариш ҳаракати» деб баҳоламоқда.

Онасининг мурожаати

6 сентябрда қамоқдаги аёлнинг онаси билан болалари AKIpress’да матбуот анжумани ўтказиб, журналистлар билан жамоатчиликдан ёрдам сўраган.

Исакбаеванинг айтишича, қизи болалари билан Ўшда яшаган, бироқ туғиш учун Бишкекка келган.

У қизи Ўшда тадбиркорлик қилиб, болалар кийимларини улгуржи сотишини, бироқ қизининг устидан, қарзга пул олиб бермаяпти, деган ариза ёзилганини билдирди.

Онанинг айтишича, қизи Бишкекка кетгандан кейин терговчининг қўнғироқларига жавоб бермаяпти деб қидирувга берилган экан.

«Қизим терговчининг қўнғироқларига доим жавоб берган, қочмаган. Фақат оғзаки чақирмай, чақирув қоғозини беришни талаб қилган. Бундан ташқари, кўп марта айтган жонлантириш бўлимидаман деб. Кейин болани қарасин деб [қизимнинг] телефонини олиб кетдим. Сентябрда болалари мактабга, болалар боғчасига бориши керак бўлганда куёвимга болаларнинг ҳужжатларини жўнат дедим. Бироқ у алоқага чиқмай, ҳужжатларни юбормади. Шу сабаб қизимни Ўшга ўзинг бориб, ҳужжатларни олиб кел дедим. Кейин у Ўшга тунда учиб кетиб, эрталаб яна Бишкекка боланинг ёнига қайтиши керак эди. Бироқ қизимни милиция ходимлари ушлаб кетган. Қизимнинг телефони ўчиқ бўлгани учун қидирувга бериб, реанимацияда ўлим билан курашаётган боласи бўлишига қарамай, 15 суткага қамади», — деб воқеани айтиб берди Исакбаева.

Аёлнинг онаси ИИВ бошчиси Улан Ниязбековга, МХДҚ раиси Камчибек Ташиевга ва бош прокурор Курманкул Зулушевга мурожаат қилиб, янги туғилган болани «жонлантириш бўлимида онасиз қолдирган» ходимларининг ҳаракатларига эътибор беришни сўраган. Аёл улардан қизини озод қилишга ёрдам беришни илтимос қилди.

Милиция нима деди?

Ўш милицияси эса воқеага муносабат билдириб, Айганиш Кокчоева ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларидан қочиб кетишга ҳаракат қилган деб билдирди.

Ўш шаҳар ИИБнинг маълумотига кўра, Кокчоева фирибгарликда гумон қилинмоқда. Милициядан унинг устидан Ўшнинг тўрт турғуни ариза ёзганини айтишди. Уларнинг айтишича, қўлга олинган аёл уларга катта партиядаги болалар кийимларини ва ишлаётган цехини 696 минг долларга сотаман деб ваъда берган.

Қамоққа олинган Айганиш Кокчоева. Сурат: Ўш шаҳар ИИБнинг матбуот хизмати

Бундан ташқари, аёлнинг устидан Бишкекда ҳам шу каби бир қанча ариза тушгани айтилди. Милициянинг маълумотига кўра, мурожаат қилганлар 300 минг доллардан ортиқ зарар кўришган.

«Терговчи томонидан бир неча марта чақирилишига қарамай, келмасдан ўзи яшаётган Ўзган туманидан Бишкек шаҳрига қочиб кетган. Бишкек шаҳрида боласини касалхона ходимларига айтмай, ташлаб чиқиб, Бишкек-Истамбул» йўналиши бўйича жавобгариликдан қочаётганда Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан Бишкек аэропортида қўлга олинган ва Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасига олиб келинган. Бишкекдаги касалхона раҳбарлари томонидан ўз боласини ташлаб кетгани бўйича акт тузилган. Бугунги гумондор К.Анинг онаси журналистларга берган маълумотини қизини жавобгарликдан қутқаришга қилган ҳаракати деб баҳолаймиз», — деб билдиришди милициядан.

Ўш шаҳар ИИБдан келтирилган зарарнинг миқдорини ва айбланувчининг қочиб кетиши мумкинлигини ҳисобга олиб, уни қамоққа олиш қарори қабул қилинганини қўшимча қилишди.